БМТ: 2020 йилда Афғонистонда 2,6 мингдан зиёд бола ўлдирилган ёки майиб қилинган

Кобул яқинидаги лагерда яшаётган афғонистонлик болалар (архив сурати)

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистондаги низолашаётган томонларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида ўлдирилган ёки майиб қилинган болалар сони кўплигидан ҳануз хавотирда эканини билдирди. Ўтган йили, БМТ маълумотига кўра, бу рақам 2 минг 619 нафарни ташкил этган.

22 июнь куни эълон қилинган “Болалар ва қуролли низолар” ҳисоботида (мазкур ҳисобот ҳар йили тузилади) БМТ 2020 йилда Афғонистонда 760 боланинг ўлдирилгани ва 1859 нафари майиб-мажруҳ қилингани ҳолатлари ташкилот томонидан тасдиқланганини очиқлаган.

Ҳисоботда айтилишича, шундан 1 минг 98 нафари — толиблар ва бошқа қуролли гуруҳлар жангарилари томонидан, 962 нафари эса ҳукумат кучлари ёки ҳукумат тарафдорлари томонидан ўлдирилган ёки майиб қилинган.

Низолашаётган томонлар камида 196 нафар ўғил болани ёллаб, уларни ўз манфаатлари йўлида қўллаганлар, шундан 172 нафари — толиблар тарафидан.

“Болалардан ҳарбий ҳаракатларда, жумладан, қўлбола портловчи қурилмаларни қўллаган ҳолда ҳужум қилиш, разведка маълумотларини тўплаш, назорат-ўтиш масканлари персоналини шакллантиришда фойдаланилган, шунингдек улар жинсий зўрланган”, дейилган ҳисоботда. Яна қайд этилишича, тўққиз нафар бола ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган ёки жароҳат олган.

Ўн уч нафар бола (тўққиз ўғил ва тўрт қиз)га нисбатан жинсий зўравонлик ҳукумат ва унга тарафдор кучлар, шунингдек “Толибон” ҳаракати жангарилари томонидан содир этилганлиги қайд қилинган.

2020 йил 31 декабрь ҳолатига 164 ўғил бола ва бир қиз бола вояга етмаганларни реабилитация қилиш марказларида сақланган — улар мазкур муассасаларга миллий хавфсизликка путур етказиш айблови билан уч ярим йилгача муддатга жўнатилган.

Бундан ташқари, аксарияти Афғонистон фуқаролари бўлмаган 318 нафар бола урушаётган гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган оналари билан бирга қамоқхоналарда сақланган.

Умуман олганда БМТ 2 минг 863 нафар бола, жумладан 2020 нафар ўғил болага нисбатан уч мингдан ортиқ “жиддий қонунбузарлик” содир этилганини тасдиқлаган.

Ҳисоботда келтирилишича, қонунбузарликлар дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган 21 қуролли можарода 19 минг 379 нафар болага нисбатан содир этилган. Шундан энг кўп ҳолатлар Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Сомали, Сурия ва Яманда қайд этилган.

Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, 8 минг 521 нафар бола ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга мажбурланган. Қуролли тўқнашувларда жами 2 минг 674 бола ўлдирилган ёки майиб қилинган.