Ўтган йили бутун дунё бўйлаб миграция йўналишларида камида 8 минг 565 киши ҳалок бўлган - бу кузатувлар бошланган 2014 йилдан буён энг фожиали кўрсаткичдир. Бу ҳақда 6 март куни БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълумот тарқатди.
ХМТга кўра, 2023 йилги кўрсаткич 2022 йилдаги кўрсаткичга қараганда 20 фоизга кўп бўлган.
Халқаро миграция ташкилоти баёнотида бу маълумотлар “инсонлар ҳалок бўлишининг олдини олиш учун ошиғич чора-тадбирлар қабул қилиш зарурлигидан далолат бериши” таъкидланган.
Ташкилот қайдича, ҳар йили юз минглаб одам хавфсиз бўлмаган шароитда нолегал йўналишлар бўйлаб кўчишга уриняпти. Хавфсиз ва мунтазам йўллардан фойдаланишга ҳаммада ҳам имкон бор, деб бўлмайди.
Мигрантлар учун энг хатарли йўналишлар Ўртаер денгизидан ўтади: ўтган йили бу ерда камида 3129 та ўлим ва бедарак кетиш қайд этилган.
ХМТнинг “Йўқолиб қолган мигрантлар” лойиҳаси 2014 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, у мигрантлар ўлими ва йўқолиши бўйича очиқ манбаларга асосланган маълумотлар базаси бўлиб ҳисобланади. Ўтган вақт мобайнида лойиҳа доирасида дунё бўйлаб 63 мингта ана шундай ҳолат ҳужжатлаштирилган. Айни пайтда ҳақиқий рақам бундан-да юқорироқ экани, чунки чекка ҳудудлардан маълумот йиғишда юзага келган қийинчиликлар ўлим ҳолатлари бўйича аниқ ҳисоб-китоб чиқариш имкониятини чеклаб қўяётгани урғуланган.