БМТ Афғонистонга қўшни бўлган мамлакатларни ўз чегараларини ёпиб олмасликка чақирди

Уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган афғонистонликлар Покистон чегараси яқинида

БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлиги Афғонистонга қўшни бўлган мамлакатларни ўз чегараларини очиқ тутишга чақирмоқда. Афғонистоннинг ўзида бутун мамлакат бўйлаб толиблар ўз ҳужумларини давом эттиришяпти, минглаб одам бу ҳужумлар туфайли уй-жойларини ташлаб кетяпти.

“Вазият гуманитар ҳалокат ёқасига келиб қолди”, дея билдирди БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси (ҚИОКБ) расмийси Шабия Манту 13 август куни Женевада ўтказилган брифингда.

Минглаб эркак, аёл ва болалар аввал ҳукумат назорати остида бўлган, шу кунда эса “Толибон” тасарруфига ўтаётган вилоятлардан бош олиб кетишяпти.

“Хавфсизликни таъминлай олмаслик сон-саноқсиз тинч аҳоли вакиллари ҳаётини хатар остига қўйиши мумкин. БМТ ҚИОКБ мамлакат расмийларига зарур бўлган тақдирда гуманитар ёрдам кўламини кенгайтиришда кўмак беришга тайёр”, дея қўшимча қилган Манту хоним.

Бу орада БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили Афғонистон аҳолисининг учдан бир қисми егулик олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолганидан огоҳлантирди. Дастур вакили Томсон Фири шу кунда икки миллион нафар афғонистонлик бола ошиғич ёрдамга муҳтожлигини билдирди.

“Биз ёмон кунлар ҳали олдинда эканидан хавотирланяпмиз”, дея билдирди Фири. Унга кўра, йил охирига бориб мамлакатда очликка қарши кураш учун 200 миллион доллар керак бўлади.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, Афғонистонда жорий йил бошидан бери 390 мингга яқин одам уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган, бироқ вақтинча кўчган кишилар сони бундан анча кўп бўлиши мумкин.

13 август куни дунёдаги етакчи халқаро хайрия ташкилотларидан бири Афғонистондаги “жиддий гуманитар инқирозга тайёрланаётган”ини билдирди.