БМТ Бош Ассамблеяси 21 март куни тарихда илк маротаба сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва ундан фойдаланишни жаҳон миқёсида тартибга солиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. АҚШ томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатда сунъий интеллектни тартибга солишнинг ягона халқаро тизимини яратиш зарурлиги айтилган. Резолюция Бош Ассамблея томонидан бир овоздан қабул қилинди, дея хабар қилди “Америка овози”.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишидан кейин журналистлар билан суҳбатлашиб, бундай резолюция қабул қилинишининг фойдали жиҳатларига оид мулоҳазалари билан ўртоқлашган.
“Нима учун бу қадар кўп ҳаёт-мамот масалаларини кўриб чиқишига тўғри келаётган бу ташкилот (БМТ демоқчи - таҳр.) сунъий интеллект билан шуғулланиши керак? Бунинг жавоби оддий: чунки сунъий интеллек ҳам экзистенциалдир (яъни ҳаёт-мамот масаласидир). Фақат у туфайли юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатар нуқтаи назаридангина эмас, у тақдим этадиган имкониятлар нуқтаи назаридан ҳам”, деган Томас-Гринфилд.
Сунъий интеллектдан ҳозирнинг ўзида касаллик ташхиси ва табиий офатлар прогнози учун фойдаланилмоқда, у қишлоқ хўжалиги соҳасида фермерларнинг кўпроқ ҳосил олиши, ўқитувчиларнинг эса кўпроқ ўқувчига таълим беришида кўмаклашяпти, деган америкалик дипломат.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 21 март куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан резолюция қабул қилинганини олқишлади.
“Қўшма Штатлар сунъий интеллект дохил янги технологияларнинг лойиҳалаштирилиши, ишлаб чиқилиши, татбиқ этилиши ва улардан фойдаланилиши хавфсиз, ишончли ва эътимодга лойиқ бўлишини кафолатлаш учун ҳукуматлар ва бошқа ҳамкорлар билан ишлашда давом этади”, деган Блинкен.
Резолюция лойиҳаси матни БМТ рақамли кутубхонасида ёйинланган. Резолюцияга 50 дан зиёд мамлакат муаллифлик қилган.