Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш 30 июнь куни Ўзбекистонга етиб келган.
Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, Гутерришни Тошкент аэропортида бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олган.
“Қисқа суҳбатдан сўнг БМТ Бош котиби Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ҳамроҳлигида ўзи учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетди”, дейилган хабарномада.
Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Марказий Осиё давлатларига сафар доирасида жорий йилнинг 30 июнь − 1 июль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриши эълон қилинган.
Ташриф чоғида Гутерришнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказиши, музокаралар кун тартибидан Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, глобал сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ўрин олгани билдирилган.
“Ташриф давомида БМТ Бош котиби қатор саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ҳам бориб кўради, икки томонлама учрашув ва тадбирлар ўтказади”, дейилганди президент матбуот хизмати томонидан 29 июнь куни тарқатилган хабарномада.