Сайёрада яшовчи одамларнинг тақрибан 2,3 миллиарди 2021 йили озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келди, улардан камида 702 миллиони муттасил равишда очлик хавфи билан тўқнашмоқда. Бу ҳақда БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлигига оид ҳисоботида айтилган.
Ҳисоботга мувофиқ, дунёда 31,9 фоиз аёл ва 27,6 фоиз эркакка егулик етмаяпти. Беш ёшгача бўлган 45 миллионга яқин боланинг муттасил очликдан эти суягига ёпишиб кетган, бу Ер шаридаги бутун болаларнинг 6,7 фоизини ташкил қилади. Айни пайтда шу ёшдаги болаларнинг 39 миллионида (ёки 5,7 фоизида) семизлик ҳолати кузатилган.
Очликдан азоб чекаётганларнинг ярмидан кўпи Осиё мамлакатларида, яна учдан бири Африкада, қолганлари эса Кариб ҳавзаси ва Лотин Америкаси мамлакатларида яшашади.
БМТ хулосасига кўра, COVID-19 пандемияси бошидан бери бу борадаги вазият ёмонлашган ҳамда Украинадаги уруш ва иқлим ўзгариши туфайли ёмонлашишда давом этмоқда. Россия ва Украина дунёда энг кўп ғалла, ёғ ва ўғит ишлаб чиқарадиган мамлакатлардан бўлиб ҳисобланади. Уруш маҳсулот етказиб бериладиган халқаро занжирни барбод қилди, ғалла, ўғир ва энергия ташувчилар нархининг ошишига олиб келган.
Бу омилларнинг ҳаммаси сайёрадаги озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Ҳисобот муаллифлари, ҳатто жаҳон иқтисодиёти тикланган тақдирда ҳам, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 8 фоизи очликдан азоб чекаверишини тахмин қилишмоқда. Бу миқдор очликка қарши кураш бўйича БМТ дастури қабул қилинган 2015 йилдаги кўрсаткичга тенгдир.