Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўтган ҳафта расмий Душанбе бошпана сўраган афғонистонликларни депортация қилганидан ташвишда эканини билдирди.
БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (БМТ ҚИОКБ) баёнотига мувофиқ, 11 ноябрь куни Тожикистон ҳукумати мамлакатдан бошпана сўраган аёллар ва болалар дохил 11 нафар афғонистонликни “мажбуран юртига қайтариб юборган”. Қочқинлар “бошпана ва ҳимоя сўраб берган илтимосномалари кўриб чиқилишига қадар” жўнатиб юборилгани айтилмоқда.
Тожик расмийлари ушбу масала бўйича изоҳ беришганича йўқ. Аввалроқ Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари Душанбе афғон қочқинларига ёрдам бериш учун халқаро донорлар томонидан етарли даражада дастакланмаётганидан шикоят қилишган.
ҚИОКМ баёнотига кўра, бошпана излаб Тожикистонга қочаётган афғонистонлик фуқароларга мамлакатда вақтинча яшаб туришга рухсатнома берилмаяпти. Ҳолбуки бошпана сўраб илтимоснома ёзиш учун ушбу ҳужжат бўлиши шарт. Давлат махсус комиссияси эса бошпана бериш ҳақидаги аризаларни кўришни тўхтатиб қўйган.
“Мазкур тўсиқлар бошпана олмоқчи бўлган афғонистонлик қочқинлар Тожикистонда ҳужжатсиз қолиб кетишига олиб келди, энди уларга жарима, қамоқ ва депортация хавф солмоқда”, дея урғуланган баёнотда.
БМТ ҚИОКМ тожик расмийларини афғон қочқинларини депортация қилишдан тийилишга ҳамда мамлакатда қонуний яшаш ва қочқинлик мақомини белгилаш имконини берувчи тартиб-таомилларни тўхтатмасликка чақирган. “Халқаро ва миллий қонунчиликка мувофиқ, Тожикистон халқаро ҳимояга муҳтож кишиларни ўз ҳудудига киритишга мажбур”, дейилган бошқарма баёнотида.
Расмий маълумотга кўра, Тожикистонда бугунги кунда 14 мингга яқин қочқин яшаб турибди.