Инсон фаолияти иқлимни мисли кўрилмаган, баъзан эса аслига қайтариб бўлмас даражада ўзгартириб юбормоқда, дейилган БМТ ҳузуридаги Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи ҳисоботида.
Ҳисоботга кўра, сўнгги 40 йилда Ерда ўртача ҳарорат ўтган 2000 йилнинг исталган даврига қиёсан сезиларли даражада тез кўтарилган. 2011-2020 йиллардаги ўртача ҳарорат 1850-1900 йилларга оид айни кўрсаткичдан Цельсий бўйича тахминан 1,1 даражага юқоридир. Сўнгги беш йил эса кузатувлар олиб борилган 1850 йилдан буён қайд этилган энг иссиқ йиллар бўлган.
Муаллифлар фикрича, яқин ўн йилликда барча минтақаларда иқлим ўзгариши янада сезиларли бўлади. Дунё бўйича ўртача ҳарорат 1,5° C га кўтарилганида экстремал иссиқ фазалари узаяди, яъни йилнинг иссиқ фасллари чўзилиб, совуқ фасллар қисқаради. 2050 йилга бориб Арктика йилда камида бир марта – сентябрь ойида муздан батамом холи бўладиган аҳволга келиши ҳеч гап эмас.
Олимларга кўра, музликлар глобал эришининг асосий омили бу инсон фаолиятидир. Мазкур жараён аллақачон дунёнинг турли минтақаларида экстремал об-ҳаво ҳодисаларини келтириб чиқармоқда.
Ушбу ҳисобот — “инсоният учун қизил код кабидир”, деган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш. “Ҳисобот кўмир ва бошқа қазилма ёқилғилар сайёрамизни йўқ қилмасидан уларнинг дафн қўнғироғини чалмоғи керак”, дея қўшимча қилган у.