Ўзбекистон БМТда Фаластинни дастаклаб овоз берди

БМТда овоз бериш жараёни.

БМТ Бош ассамблеяси 18 сентябрь куни Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ҳудудларидан ўз кучларини олиб чиқиш талаб этилган резолюцияни қабул қилди.

БМТ ахборот хизмати хабарига кўра, Фаластин ва бошқа ўнлаб давлатлар ҳамкорлигида тайёрланган резолюцияни 124 давлат ёқлади, 43 давлат бетараф қолди, 14 давлат эса қарши овоз берди.

Марказий Осиёнинг қолган давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлаган.

Аргентина, Чехия, Венгрия каби давлатлар қаторида резолюцияга қарши овоз берган АҚШ томони мазкур ҳужжат “тинчлик ўрнатишга халал бериши”ни айтган.
Буюк Британия ва Германия бу гал бетарафликни маъқул кўрган.

Мавзуга алоқадор Байден Фаластин давлати бўйича бевосита музокаралар тарафдори


Муқаддимада мазкур резолюция Халқаро суднинг Исроилнинг ишғол остидаги Фаластин ҳудудлари, жумладан, Шарқий Қуддусдаги сиёсати ва ҳаракатлари ҳуқуқий оқибатларига доир хулосасига таянган ҳолда ишлаб чиқилгани қайд этилган.

Мажбурлов кучига эга бўлмаган ҳужжатда Исроилга бир йил ичида ўз қўшинини Фаластин ҳудудидан олиб чиқиш талаби қўйилган.

Ўзбекистон халқаро майдонда Фаластин манфаатларини ҳимоя қилувчи давлатлардан сафидан ўрин олган. Расмий Тошкент БМТ Бош ассамблеясининг 2023 йил октябрь ойидаги Ғазо секторида гуманитар сулҳ тузиш, 2023 йил декабрь ойидаги Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш чақириғи акс этган резолюцияларини ҳам дастаклаган эди.