БМТ Хавфсизлик кенгаши 25 март куни Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатиш талабини ўз ичига олган резолюцияни қабул қилди.
Ҳужжатда АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинмиш ҲАМАС радикал гуруҳи томонидан гаровда тутиб турилган исроилликларни зудлик билан ва ҳеч бир шартсиз озод қилиш талаби ҳам бор.
Қабул қилинган резолюцияда БМТ ҳар икки томондан мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойи ичида (бу йилги Рамазон ойи 11 мартдан 9 апрелгача давом этиши кутилмоқда) ўт очишни тўхтатиш ва секторга гуманитар ёрдамни тўсиқсиз етказилишини таъминлаш талаб қилган. Мозамбик томонидан киритилган резолюция БМТ Хавфсизлик кенгашининг ўн аъзоси томонидан тайёрланган. Россия ҳужжат матнига “доимий” оташкесим талабини қўшишга уринган, бироқ бу тузатиш рад этилган. Бу каби резолюциялар кўриб чиқилишида аввал уч марта ўзининг вето ҳуқуқидан фойдаланган АҚШ бу сафар овоз беришдан тийилган.
Қўшма Штатлар томонидан таклиф этилган резолюциянинг олдинги вариантига Россия ва Хитой томонидан вето қўйилган эди.
Исроил АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужумига жавобан Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий амалиёт олиб бормоқда. Фаластинликлар ҳужуми чоғида 1200 дан зиёд одам ҳалок бўлган, 200 дан зиёд исроиллик ва хорижлик гаровга олиниб, Ғазога олиб чиқиб кетилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 130 нафардан кўпроқ одам ҳалигача гаровда ушлаб турилибди.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил армияси томонидан ўққа тутилиши натижасида Ғазода аксарияти аёллар ва болалардан иборат 30 мингдан зиёд фаластинлик нобуд бўлган. Бу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас.