БМТ Курск вилоятининг УҚК назоратидаги қисмида миссияга ҳозир

Украиналик ҳарбий Курск вилоятининг Сужа шаҳрида (архив сурати)

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Курск вилоятининг ҳозирда Украина Қуролли кучлари назорати остида бўлиб турган қисмида гуманитар миссия ташкил қилишга тайёр. Бунинг учун халқаро ташкилотга Россиянинг розилиги керак бўлади. Бу ҳақда БМТ бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик маълум қилган.

Аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазирлиги Курск вилоятининг украиналик ҳарбийлар назорати остида бўлган ҳудудларда гуманитар ҳаракат чораларига қўшилиш илтимоси билан БМТ ва Халқаро Қизил хоч қўмитасига расман мурожаат қилган эди.

Ўз навбатида, Қизил хоч қўмитаси вакили Галина Балзамова РИА “Новости” агентлиги билан суҳбатда ташкилот ходимлари Украина Қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинган ҳудудларга ташриф буюришга тайёрлиги, бироқ бу иш урушаётган ҳар иккала томондан хавфсизлик кафолати берилган тақдирдагина амалга ошиши мумкинлигини билдирган.

Россиялик расмийлар БМТ ва Қизил хоч баёнотлари юзасидан изоҳ беришган эмас. Украина ТИВ баёнотини эса Москва “провокация” деб атаган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳар иккала ташкилотнинг Киев баёнотига “оқилона баҳо” беришига умид билдирган.

Курск вилоятининг Украина Қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинган ҳудудларида, турли маълумотларга кўра, мингга яқин тинч аҳоли вакили қолаётган бўлиши мумкин.