БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистон мухториятида содир этилган воқеаларни тезкор равишда холис ва шаффоф тергов қилишга чақирди.
БМТ расмий сайтида Нукусдаги тартибсизликлар пайтида 18 киши ҳалок бўлгани, 243 киши яралангани, улардан 94 нафари оғир аҳволда экани Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тасдиқлангани қайд этилди.
“Ҳалок бўлганларнинг шахси ҳозирча аниқланмади. Дастлабки маълумотларга қараганда, улар ўқотар қуроллардан ҳалок бўлган, жумладан, уларнинг бошларига ўқ отилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси жабрланганлар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкин деб ҳисоблайди”,-дейилади баёнотда.
“Бизда мавжуд маълумотлар жиддий зўравонликлар, жумладан, одам ўлдириш ҳолатлари содир этилганиан гувоҳлик бермоқда ва бу бизни жуда ташвишга солмоқда. Мен ҳукуматни босиқ бўлишга чақираман”,-деди Мишель Бачелет.
Олий комиссар “жиноий ҳаракатларни содир этганлар, жумладан, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг қонунни бузган ходимларига нисбатан тезкор ҳолис ва мустақил тергов” ўтказиш зарур деб ҳисоблайди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси Нукус воқеаларида камида 500 киши қўлга олинганини ва улардан бирига “ҳокимиятни босиб олиш ва конституциявий тузимни ўзгартириш” моддаси асосида айблов билдирилганини, бу модда асосида у 20 йилга қамалиши мумкинлигидан ҳавотир билдирди.
Бачелет: “Одамлар ўз ҳуқуқларидан фойдалангани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги шарт”, деб баёнот берди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Ўзбекистон Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пакти иштирокчиси эканини, мазкур ҳужжатга асосан инсон ўз фикрини эркин ирод қилиш, тинч йиғилишлар ва жамият ҳаётида ишитрок этиш ҳуқуқига эга эканини эслатиб ўтди.
Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда зудликда интернет алоқани тиклашга чақирди.
Ўзбекистон 2020 йилда ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланган эди. Женевада жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши инсон ҳуқуқлари бузилишларига эътибор қаратади ва алоҳида давлатлардаги вазият ва муаммоларни мониторинг қилувчи махсус гуруҳларга эга.