БМТ Ўзбекистон орқали Афғонистонга 12 машина гуманитар юк йўллади

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан Афғонистонга йўл олган БМТнинг гуманитар карвони (UNCHR фотоси)

БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги ва Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги ўзбек расмийлари кўмагида қаҳратон қишда Афғонистондаги ички мигрантлар ва бошқа ҳимояга муҳтож аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш учун Термиз шаҳридаги Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби орқали 12 юк машинасида 48 000 дан ортиқ адёл йўллаган. Бу ҳақда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур юк 2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ташкил этилган БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг Гуманитар логистика минтақавий марказидан жўнатилган.

“БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда Афғонистон халқига ҳаётий инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни давом эттириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда. Бу, айниқса, совуқ қишда жуда муҳимдир. Ўзбекистон ҳукумати ва Термиздаги маҳаллий ҳамкорлар кўмагида БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги Афғонистондаги аёллар, болалар ва эркакларнинг шошилинч эҳтиёжларига тезкорлик билан жавоб бера олади”, дея иқтибос келтирилган хабарномада БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг катта маслаҳатчиси Френк Ремус сўзларидан.

Қайд этилишича, Термиз маркази Афғонистон, Эрон, Покистон, Марказий Осиё ва ундан ташқарида БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги операцияларига ёрдам бериш учун асосий консолидация ва жўнатиш пункти бўлиб хизмат қилмоқда. 2021-2022 йилларда марказ кўчирилган оилалар, сув тошқинлари ва зилзила каби табиий офатлардан жабр кўрганлар учун 217 юк машинасида гуманитар юклар жўнатган.

Ўтган йили БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Афғонистоннинг 34 вилоятидаги 5,9 миллион кишига асосий эҳтиёжлар ва моддий ёрдам, шунингдек, ҳуқуқий ҳимоя ва интеграция бўйича ёрдам кўрсатган.