БМТ озиқ-овқат дастури Ғазодаги фаолиятини тўхтатди

Дастур очларни озиқ-овқат билан хавфсиз таъминлаш чораларини излаётганини маълум қилди.

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Ғазодаги фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда дастур раҳбари Синди Маккейн маълум қилди. Бунга Ғазо бўлгаси аҳолисининг мародёрлик ва дастур ходимларига ҳужумлар қилаётгани сабаб бўлди.

Баёнотда айтилишича, 18 февраль куни Вади-Ғазо чегара назорат пункти орқали бўлгага фаластинлик қочқинлар учун олиб кирилган озиқ-овқат юкланган юк автомашиналари оч одамлардан иборат оломон томонидан қуршаб олинган. Улар қуроллардан ўқ отишган.

19 февралда Ғазо бўлгаси шимолига озиқ-овқат олиб кетаётган юк автомашиналари карвонига ҳужум қилинган. Ҳайдовчилардан бири калтакланган. Дастур ходимлари озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатаётганида одамлар ўзаро муштлашиб кетмоқда.

Баёнотда Ғазода озиқ-овқат тарқатиш жараёни “жамоат тартибини хаос ва фалокатга айлантираётгани” қайд этилади.

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ўз ходимлари ва ёрдамга муҳтожларнинг хавфсизлигини таъминлай олмаслиги муносабати билан фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Дастур очларни озиқ-овқат билан хавфсиз таъминлаш чораларини излаётганини маълум қилди ва тез кунларда фаолиятини қайта тиклашига умид билдирди. Дастур эълон қилган баёнотда таъкидланишича, хавфсизликни таъминлаш учун озиқ-овқат етказиб бериш ҳажмини ошириш, қўшимча чегара назорат пунктларини очиш зарур.

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Ғазо бўлгаси ва Ғарбий соҳилда деярли 1,5 миллион фаластинлик қочқинга кўмак кўрсатади.

The Guardian газетасининг ёзишича, ҲАМАС-Исроил уруши бошланганидан сўнг Ғазо бўлгасига берилаётган халқаро ёрдам ҳажми 80 фоизга камайган. Халқаро ташкилотлар бир неча маротаба Ғазо гуманитар ҳалокат ёқасида турганидан ташвиш билдирган.