Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ўтказилаётган Бош Ассамблеянинг 76-сессияси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни видеомурожаат билан чиқиш қилди. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, Ш. Мирзиёев ўз нутқида қатор масалаларга эътибор қаратган.
Хусусан, Ўзбекистон президенти ўз мамлакати Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурганини урғулаган. Шу муносабат билан у Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми экани яна бир бор таъкидлаган.
“Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим”, деган Ш. Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти нутқи давомида дунёда хавф-хатар ва зиддиятлар, трансмиллий таҳдидлар тобора ортиб бораётганига эътибор қаратган. У шу йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция ўтказилиши халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидлаган.
Ш. Мирзиёев видеомурожаатида БМТнинг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик” деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир саъй-ҳаракатларини дастаклаган.
У сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотлар бугунги кунда ортга қайтмас тус олганини, сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлиги, гендер тенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида қатъий қадамлар ташланаётганини таъкидлаган.
Ўз нутқида Ўзбекистон томонидан иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш, тикланадиган энергия манбаларига ўтиш масалаларида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталган Ш. Мирзиёев яна бир бор Оролбўйи минтақасидаги вазиятнинг оғирлигига эътибор қаратиб, БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этган.
“Ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган, экологик офат маркази бўлган, Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, атроф-муҳит бўйича Ассамблеяда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқчимиз”, деган Ш. Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги видеомурожаатида.