БМТ Халқаро суди Ғазодаги амалиёт юзасидан Исроил олдига қатор талабларни қўйди

Ҳаагада бўлиб ўтаётган халқаро суд мажлисидан лавҳа, 2024 йил 26 январи

БМТнинг Ҳаагадаги халқаро суди Исроилни 1948 йилги Геноциднинг олдини олиш ва қатлиом учун жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузганликда айблаётган Жанубий Африка Республикаси аризасини кўриб чиқишда давом этмоқда. Суд Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлар бўйича ЖАР айбловида айтилган айрим моддаларни эътиборга молик деб топган. Бу ҳақда суднинг 26 январь куни бўлиб ўтган мажлисида эълон қилинган.

Суд Исроилга нисбатан зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган муваққат тадбирларга оид қарор қабул қилган. Бироқ суд Исроилдан Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ҳарбий амалиётни тўлиқ тўхтатишни талаб қилган эмас.

Суд Исроилдан сектордаги Фаластин аҳолиси қатлиом қилинишига йўл қўймаслик, геноцид чақириқларига йўл бермаслик, Ғазода амалга оширилган муҳтамал жиноятларга оид далилларни йўқ қилмаслик ҳамда Ғазо секторидаги гуманитар вазиятни яхшилашга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилмоқда. Шунингдек, Исроилдан фаластинликларга қарши жиноятлар содир этаётганлар аниқлаб, уларни жавобгарликка тортишни талаб қиляпти. Шу билан бирга, Исроилдан амалга оширилган чоралар бўйича суд олдида бир ойдан сўнг ҳисобот бериш талаб қилинган.

Суд Ғазо секторида ҲАМАС ва бошқа қуролли гуруҳлар томонидан гаровда тутиб турилган кишиларнинг зудлик билан озод этилишини ҳам талаб қилган.

Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси вакиллари ўз аризалари бўйича якуний қарор чиқарилгунига қадар (бу аризани кўриб чиқиш йилларга чўзилиши тахмин қилинмоқда) вақтинча таъминловчи чоралар жорий қилишни таклиф қилишган эди. Бундай чоралар орасида “жароҳат етказиш ва бевақт ўлимга олиб борувчи ҳаракатлар содир этишдан тийилиш”, “фаластинликларни ўз уйларидан кўчиришдан бош тортиш” ҳамда “фаластикликларнинг егулик, сув ва тиббий ёрдам каби тамал эҳтиёжлардан фойдаланишига имкон яратиш” кабилар бор.

Исроил армияси бўлмиш ЦАХАЛ Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини ҲАМАСнинг ўтган йил 7 октябрида мамлакат жанубига уюштирган ҳужумига жавобан бошлаган эди. Ўшанда болалар ва хорижликлар дохил 1200 нафардан зиёд исроиллик нобуд бўлган, икки юз чоғли киши гаровга олинганди - уларнинг ярмидан кўпи ҳалигача Ғазо секторида ҲАМАС қўлида гаровда қолмоқда.

Халқаро ҳамжамият Фаластин аҳолиси ўртасидаги қурбонлар туфайли Исроилни танқид қилиб келяпти. Фаластин томони маълумотига кўра, 7 октябрдан буён Ғазода 25 мингдан зиёд одам ўлган. Исроиллик ҳарбийлар жиҳодчилар ўз ҳарбий объектларини одамлар яшаётган бинолар орасига жойлаштираётганларини ва тинч аҳоли вакилларидан тирик қалқон ўлароқ фойдаланаётганини иддао қилишмоқда.