Ўзбекистон БМТ Бош ассамблеясида Украина бўйича бетараф позициясида собит қолди

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзламоқда.

БМТ Бош ассамблеяси Украинада адолатли ва бардавом тинчлик ўрнатиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Резолюцияни 141 давлат қўллади, 7 давлат қарши чиқди ва 31 давлат бетараф қолди.

Қарши чиққан давлатлар орасида Россия, Беларусь, Эритрея, Мали ва Сурия бор. Ўзбекистон бетараф позициясини билдирди. Украина масаласида бетараф қолган давлатлар қаторида Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Эрон ва Ҳиндистон ҳам бор.

Резолюцияда Россия зудликда Украинадан қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирилади.

БМТ Бош ассамблеяси резолюцияга Беларусь таклифини киритишдан бош тортди. Минск Украинага қурол етказиб беришни тақиқлаш ва Киевни Москва билан музокаралар ўтказишга ундашни таклиф қилган эди.

БМТ Бош ассамблеясида Хавфсизлик кенгашида бўлгани каби Россия вето қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Шу билан бир қаторда Бош ассамблея резолюциялари халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосан бажарилиши шарт эмас.

Ўзбекистон Россия Украинага бостириб кирганидан бери беътараф позицияда эканини таъкидлаб келади.

2022 йилнинг 17 мартида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Сенатда сўзлаган нутқида Тошкент “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ва Донецк ҳамда Луганцк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни таъкидлаган эди. Шундан кўп ўтмай Комилов ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилганди.