БМТ 2024 йилда Украина учун донорлардан 3,1 миллиард доллар ёрдам сўрамоқчи

Кейинги ҳафтада БМТ донор давлатлардан 2024 йилда Украинадаги гуманитар эҳтиёжлар учун 3,1 миллиард доллар маблағ сўрамоқчи. Украинага гуманитар кўмак кўрсатиш бўйича йиллик режа 15 январь куни Женевада донорларга тақдим этилади.

«Украинада уруш давом этар ва гуманитар эҳтиёжлар ўсиб борар экан, молиявий кўмак кўрсатиш заифлашиб қолмаслиги лозим», - деди БМТнинг Гуманитар масалалар бўйича бошқармаси вакили Эдем Восорну.

Унинг ҳамкасби Йенс Леркега кўра, 2024 йилда Украина аҳолисининг 40 фоизи, яъни 14,6 миллион киши гуманитар ёрдамга муҳтож бўлади. Бундан ташқари турли давлатлардан бошпана топган 2,3 миллион украин қочқинига ҳам ёрдам кўрсатиш лозим.

Бундан ташқари тўрт миллион украин, жумладан, бир миллион бола уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ва ички қочқинга айланган. Леркенинг айтишича, украин қочқинларининг умумий сони 6,3 миллион кишини ташкил қилади.

Эдем Восорну Россия босиб олган ҳудудлардаги украин аҳолисининг вазияти ташвиш уйғотаётгани ҳақида билдирди. Унга кўра, бу минтақаларга БМТ гуманитар миссияларининг кириб бориши қийин бўлмоқда.