БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган беш аъзоси алмашади

БМТ Бош ассамблеясининг мажлислар зали

БМТ Бош ассамблеяси 6 июнь куни Покистон, Сомали, Панама, Дания ва Грецияни БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий бўлмаган аъзо ўлароқ сайлаш ҳақида қарор қабул қилди. Уларнинг муваққат аъзо сифатидаги икки йиллик муддати 2025 йилнинг 1 январидан бошланади. Мазкур беш давлат ҳозирги пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашида доимий бўлмаган аъзолар вазифасини бажараётган Эквадор, Япония, Мальта, Швейцария ва Мозамбик ўрнини эгаллашади.

Хавфсизлик кенгаши санкция киритиш ва куч ишлатишга рухсат бериш каби юридик мажбурият юкловчи қарорларни қабул қилиши мумкин бўлган БМТнинг ягона органи бўлиб ҳисобланади.

БМТ Хавфсизлик кенгашига жами 15 та (бешта доимий ва ўнта доимий бўлмаган аъзо) давлат киради.

Кенгашда доимий аъзо мақомига эга бўлган беш давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой қабул қилинаётган қарорларга вето қўйиш ҳуқуқига эга. Кенгашнинг бошқа барча аъзолари доимий бўлмаган аъзо мақомига эга бўлиб, ҳар йили беш давлатдан иборат гуруҳлар бўйича сайланади.