БМТнинг махсус маърузачиси Афғонистонга киритилмади

Ричард Беннетт

“Толибон” ҳаракати БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннеттнинг Афғонистонга киришини тақиқлаб қўйган. Бу ҳақда “Толибон” маъмурияти вакизи Афғонистондаги Tolo хабар каналига маълум қилган.

Мулозимга кўра, Беннетт Афғонистонга қарши “дезинформация ва пропаганда” билан шуғулланяпти ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши кўламини каттароқ қилиб кўрсатмоқда.

БМТдаги лавозимига тайинланган 2022 йил апрелидан буён Беннетт вазиятни баҳолаш учун мунтазам равишда Афғонистонга келиб турган. Шу йил ёзида Афғонистон ТИВ унга виза расмийлаштириб беришдан бош тортган ва бундан буён Беннеттнинг мамлакатга кириши тақиқланганини билдирган.

Беннетт Афғонистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилинмаётгани, энг аввало аёллар ҳуқуқлари бузилиши, сиёсий мухолифлар ва диний озчилик вакиллари таъқиб қилинаётганини кескин танқид қилиб келади. Мамлакатда аёллар ҳуқуқлари бузилаётганини Беннетт “гендер апартеиди” ўлароқ баҳолайди ва уни инсонийликка қарши жиноятлар сирасига қўшади.

“Толибон” вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид унинг баҳосини “пропаганда” деб атаган. Мужоҳид иддаосича. “Толибон” аёллар ҳуқуқига “ислом фиқҳи ва афғон анъаналаридан келиб чиққан ҳолда” ҳурмат ва риоя қилиб келмоқда.

“Толибон” ҳаракати 2021 йил августида ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари бўйича кескин чекловлар киритган. Уларга мактабнинг олтинчи синфидан кейин таълим олиш, маҳаллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотларида ишлаш, спорт билан шуғулланиш, парклар ва кўплаб оммабоп жойларга бориш тақиқланган. Кўпинча аёллар кўчага маҳрамсиз чиқишмайди.

Толиблар Афғонистонда ҳар қандай сиёсий партия фаолиятини ҳам тақиқлаб қўйишган.