БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал 19 август куни Ўзбекистонга келган. Бу ҳақда Озодликка махсус маърузачи билан учрашган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Ташановга кўра, махсус маърузачи Балакришнан Ражагопал 19−30 август кунлари Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ташриф буюради.
Махсус маърузачининг миссияси уй-жойга нисбатан миллий қонунчилик асосларини аниқлаш, амалда уй-жой ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жумладан, уй-жойларнинг арзонлиги ва яроқлилиги, хизматлардан фойдаланиш ҳамда мажбурий кўчириш ҳолатларини ўрганишдир.
БМТ мулозими ўз тадқиқотлари давомида ҳукумат томонидан уй-жой ҳуқуқидан барча аҳоли гуруҳларининг фойдаланиши учун кўрилаётган чора-тадбирларни суриштиради.
Шунингдек, маърузачи иқлим инқирозининг уй-жой ҳуқуқига бўлган таъсири, аҳолининг уй-жой масалалари ва шаҳарсозлик бўйича қарорлар қабул қилинишида иштирокини ўрганади, ренновация соҳасидаги ўзгаришларни баҳолайди.
“БМТ маърузачиси Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларга ва улар яқинидаги туманларга, жумладан, талабалар турар жойлари ва оилада турли мураккабликларга учраган ёки бошпанасиз қолган шахслар учун мўлжалланган яшаш манзилларига бориши кутилмоқда.
Бир қанча расмий учрашувлар, фуқаролик жамияти ва бизнес доиралар вакиллари билан мулоқотлар ҳам режалаштирилган”, дейилган “Дунё” ахборот агентлигининг жаноб Балакришнан Ражагопал ташрифига оид хабарида.
Ташриф якунида матбуот анжумани ўтказадиган БМТнинг махсус маърузачиси келгуси йилнинг март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ўз ҳисоботини тақдим этади.