Бўкадаги туғруқхонада она-бола нобуд бўлди

Тошкент вилояти Бўка тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимидан 20 ноябрь куни икки ўлик чиққан.

Daryo.uz нашри марҳуманинг қариндошига таяниб ёзишича, аёл унга қилинган “нотўғри укол сабаб” оламдан ўтган бўлса, унинг қизи аёлга кўрсатилаётган тиббий ёрдам пайти қорнида жон берган бўлиши мумкин.

Бўка тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича бош шифокор ўринбосари Марҳабо Абдулазизова марҳумага ҳомиладорлик ўттиз ҳафта, сийдик йўли инфекцияси ва ўткир ёғли гепатоз ташхиси қўйилганини айтган.

Масъулнинг қайдича, тоби қочган ҳомиладор аёл бир неча бор шифохонага келтирилган, аммо у “оилавий сабабларга кўра уйида даволанишни маъқул кўрган”.

Аҳволи оғирлашган аёл 20 ноябрь куни яна шифохонага келтирилган. Фавқулодда вазият сабаб у кесарча кесиш амалиётига олинган. Кўрсатилган ёрдамга қарамай у соат 17:50 да вафот этган.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шаҳбоз Рустамов аёлнинг ўлимида шифокорларнинг айби йўқлигини таъкидлаган.

Daryo.uz мухбири билан суҳбатда бўкаликлар туманда малакали шифокорлар камлиги, ҳомиладор қизларини туман шифохонасига олиб боришдан қўрқишларини айтишган.

Ушбу ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда вазирлик бош акушер-гинекологи раҳбарлигидаги гуруҳ хизмат текшируви ўтказаётганини маълум қилган. Вазирлик муносабатида аёл билан бирга унинг ҳомиласи ҳам вафот этганига аниқлик киритилмаган.

Бу сўнгги ойларда жамоатчилик эътиборига тушган туғруқхонадаги навбатдаги фожиадир. 2024 йил август ойида Андижон шаҳридаги туғруқхонада ҳам аёл вафот этганди. Ўшанда шифокорлар аёлдаги кўричакни “сеҳр” деб атагани, “чалпак ва ҳолвайтар тарқатиш”ни тавсия қилгани эътирозларга сабаб бўлганди.