Бўстонлиқда профилактика нозири хотини ва чақалоғини ўлдирди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида профилатика нозири хотини, 7 ойлик фарзанди ва ўзини хизмат қуролидан отиб ўлдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маҳаллий журналистларга маълум қилди.

БП муозимига кўра, ҳодиса 6 август куни соат 21:00 ларда Бўстонлиқ туманида профилактика инспектори яшаган хизмат хонадонида содир бўлган.

Бўстонлиқ тумани ИИБ ЖХХ XPБ профилактика инспектори (1996 йилда туғилган) турмуш ўртоғи (1996 йилда туғилган) билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик давомида ўзига бириктирилган “ПМ" табель қуроли билан турмуш ўртоғи ва 2024 йилда туғилган ўғлига ўқ узиб, қасддан ўлдирган. Шундан сўнг у ўз жиноий қилмишларидан қутулиб қолиш мақсадида “ПМ" табель қуроли билан бошига бир маротаба ўқ узиб, ўз жонига қасд қилган", деган Шамсутдинов.

Ҳодиса юзасидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган, терговолди суриштирувлари олиб борилмоқда.

Бўстонлиқдаги Озодлик манбаларига кўра, ҳодисага рашк сабаб бўлган. Бу мавзуда эр-хотин ўртасида аввал ҳам бир неча бор жанжал бўлиб ўтгани айтилмоқда.