Президентнинг 27 сентябрдаги қарори билан “ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани” учун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга жарима интизомий жазо чораси қўлланилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Кун уз” нашрининг хабар беришича, Боболовга интизомий жазо чораси қўлланилгани тўғрисида 27 сентябрь куни ўтган видеоселектор йиғилишида президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов маълум қилган.
«Тўра Боболов, сиз ўрнак бўлмаяпсиз. Интернетда чиққан гапларни монтаж дедингиз. Лекин экспертиза сизнинг овозингизни тасдиқлади. Президентимиз топшириғи билан сизга интизомий жазо чораси сифатида ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима қўлланди”, деган Умрзоқов.
Август ойининг иккинчи ярмида интернетда Тўра Боболов йиғилишга келган Ангор тумани прокурорини ҳақорат қилгани айтилган аудиоёзув тарқалган эди. Кейинроқ эса Боболов Қизириқ тумани ҳокими ва кластер раҳбарини қўпол равишда танқид қилгани акс этган янги аудиоёзув пайдо бўлган эди.
Бу аудиоёзувлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ва Тўра Боболовга нисбатан норозиликларни келтириб чиқарганди.