Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда назорат ўрнатиш масаласида “куч ишлатмаслик”ка келишиб олди. Бу ҳақда Россия иштирокида ўтган уч томонлама музокаралардан сўнг эълон қилинган баёнотда гап боради, деб хабар берди AFP.
Баёнотда қайд этилишича, томонлар Тоғли Қорабоғ муаммосини “ўзаро суверенитет ва ҳудудий интеграцияни тан олишга асосланган ҳолда ҳал этишга”, шунингдек, барча муаммоларни БМТ низоми ҳамда 1991 йилдаги Олмаота декларациясига таянган ҳолда муҳокама қилишга келишиб олди.
Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари 31 октябрь куни Сочида учрашди.
30 октябрь куни ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилиб олган Тоғли Қорабоғ маркази бўлган Степанакертда мустақиллик талаби билан митинг ўтказилди. Айни пайтда маҳаллий парламент минтақани Озарбайжонга қўшиш ҳаракатларига йўл қўймасликка оид баёнотни имзолади.
Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990- йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.
Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар 2020 йили Тоғли Қорабоғ атрофида бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин таранглигича қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги олти ҳафталик уруш камида 6 минг 900 кишининг умрига зомин бўлган.