Озарбайжон пойтахти Бокуда 10 декабрь куни Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатлар тўхтатилгани шарафига ҳарбий парад бўлиб ўтди. Бундан роппа-роса бир ой муқаддам – 10 ноябрь куни Озарбайжон, Арманистон ва Россия ўртасида тузилган минтақада ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим кучга кирганди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги аввалроқ парадда 3 мингдан зиёд ҳарбий иштирок этиши ҳамда 150 тага ҳарбий техника намойиш қилинишини маълум қилган. Парад ўтаётган майдонда бугун жанг пайтида қўлга киритилган Арманистон ҳарбий техникаси ҳам пайдо бўлган.
Бокудаги парадда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам иштирок этиб, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевдан кейин узоқ нутқ сўзлаган. Декабрь ойи бошида И. Алиев мамлакатда ҳар йили 8 ноябрь куни нишонланадиган янги байрам – Ғалаба кунини таъсис этган. Тинчлик битими аслида 9 ноябрдан 10 ноябрга ўтар кечаси имзоланганди, бироқ 10 ноябрь Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатуркни хотирлаш куни бўлгани учун бу кунни байрам қилиш фикридан воз кечилган.
Уч томонлама имзоланган тинчлик шартномасига кўра, Арманистон ва Озарбайжонга ҳужжат имзоланган куни қўшинлар қаерда турган бўлса, ўша ерлар бириктирилган. Янги чегара бўйлаб эса Россиянинг тинчликпарвар миссияси жойлаштирилган.