Халқаро қидирувга берилган Қирғизистон Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов Озарбайжон пойтахти Бокуда ҳибсга олиниб, 26 март куни Бишкекка олиб келинган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қирғизистондаги маҳаллий ОАВ ҳам Райимбек Матраимов билан бирга унинг укаларидан бири ҳибсга олингани ва Бишкекка олиб келингани ҳақида хабар қилишган.
Flightradar портали маълумотларига кўра, Бокудан келган учоқ Бишкекдаги “Манас-2” аэропортига маҳаллий вақт билан соат 20:00 да қўнган. Аэропортга етиб борган Озодлик мухбирлари у ерга куч ишлатар тузилмалар автомобили боргани, учоқ қўнганидан кейин машина учиш-қўниш йўлаги томонга кириб кетгани, кўп ўтмай эса автомобиль шаҳар томон йўналганига гувоҳ бўлишган.
Куч ишлатар идоралар ҳали бу борада бирор изоҳ беришгани йўқ, бироқ ижтимоий тармоқларда Райимбек Матраимовга ўхшаган киши бир журналист аёлнинг саволларига жавоб бераётгани акс этган қисқа видео пайдо бўлган.
Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Райимбек Матраимов Бокуда экани ҳақида маълумот тарқатган эди. Махсус хизмат собиқ мулозимни ҳибсга олиш учун Озарбайжонга тегишли хат йўллангани ҳамда уни Қирғизистонга экстрадиция қилиш масаласи муҳокама қилинаётганини қайд этган.
МХДҚ 2021 йилда коррупция айблови бўйича Матраимовга қарши иш очган ҳамда 2016 йил бошида у бошқа божхоначилар билан биргаликда коррупцион схема тузганини билдирган эди. Суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг қирғиз сўми (тақрибан 3 минг доллар) миқдорида жарима солиш ҳақида қарор чиқарган. Ўшанда Матраимов айбини тан олиб, давлатга 2 миллиард сўм (тақрибан 25 миллион доллар) тўлаб берган. 2023 йилнинг 2 ноябрида МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев Райимбек Матраимов ва Қамчи Колбаевни “Қирғизистонда мафия тузганлик”да айблаган.
Райимбек Матраимов ўтган йил октябрида Бишкекда ўтказилган махсус амалиёт чоғида жиноят олами лидери Қамчи Колбаев ўлдирилгани ортидан Қирғизистонни тарк этган. Шу йил январида МХДҚ Матраимовни халқаро қидирувга берган. Унга “Ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш” моддаси бўйича айблов қўйилган эди. Матраимов ўзига қўйилган айблов юзасидан ўз мулоҳазасини билдирган эмас.
Раимбек Матраимов Озодлик радиоси, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP) ҳамда Бишкекдаги Kloop сайти 2019 йилдан буён ҳамкорликда ўтказиб келган журналистик суриштирувларда қатор коррупцион схемалар орқали ноқонуний бойигани иддао қилиб келинган қирғизистонлик энг таниқли собиқ амалдорлардан биридир. У 2015-2017 йилларда Божхона хизмати раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган.