Бокуда сиёсатшунос Баҳруз Самадов қўлга олинди, у давлатга хиёнатда гумонланмоқда. Бу ҳақда сиёсатшунос ҳамкорлик қилган OC Media сайти хабар қилди.
Самадов йўқолиб қолганига оид хабар 21 август оқшомида пайдо бўлган – сиёсатшуноснинг дўстлари ва ҳамкасблари унинг режаланган учрашувларга келмагани ва СМСларга жавоб бермай қўйганини айтишган.
22 август куни эрталаб Самадовнинг яқинлари унинг чоршанба оқшомида қўлга олингани, оиласи яшаган хонадонда эса тинтув ўтказилганини тасдиқлаган.
Озарбайжонлик журналист Нурлан Либре Х ижтимоий тармоғида сиёсатшуносга давлатга хиёнат айблови қўйилаётгани, бу гапни унга Самадовнинг бувиси айтгани ҳақида ёзган.
Аввалроқ Самадов гиёҳванд модда сақлаганлик айблови билан қўлга олингани хабар қилинганди – бу Озарбайжонда сиёсий фаолларни таъқиб қилиш учун баҳона ўлароқ тез-тез фойдаланиб туриладиган айбловлардан бири бўлиб ҳисобланади. Либре тахминича, Самадов қийноққа тутилган бўлиши мумкин.
Самадовнинг ҳамкасблари ва танишлари аввалроқ у ўтказган тадқиқотлари юзасидан ўзига Озарбайжон расмийлари томонидан босимлар бўлаётганини эътироф этганини айтганлар. Самадов Озарбайжондаги авторитаризм муаммолари билан шуғулланиб, ўз мақолалари ва ижтимоий тармоқларда Илҳом Алиев режимини танқид қилиб келган.
Чехиянинг Карлов университетида докторлик диссертациясини ёзаётган Самадов Прага шаҳрида истиқомат қилади. Тадқиқотчининг дўсти The Insider нашрига у Бокуга оиласи ва дўстларини кўриш учун таътилга кетганини маълум қилган.
Озарбайжонда ўтган йилдан бери журналистлар ва фаоллар бирин-кетин ҳибсга олинмоқда. Август ойи бошида озарбайжонлик расмийлар талабномаси билан Тбилисида YouTube порталидаги Azel.TV канали ва мустақил ахборот агентлиги раҳбари Афган Садигов қўлга олинган эди.