Наманганлик 10 яшар болакай: "Мактаб формаси учун мардикорчилик қиляпман"

Намангандаги мардикор болалар

Озодлик мобил мухбири Наманган шаҳрида мактаб ёшидаги болаларнинг мардикорчилик қилаётганига расмийларнинг бефарқ қолаётганини аниқлади. Наманганда ёш болаларнинг арава тортаётгани ёки машина юваётгани оддий аҳоли учун кундалик манзарага айланган бир пайтда бу ҳолатни расмийлар инкор қилмоқда.

Ёз бўйи мардикорчилик қилган болларнинг айримлари йиққан пулига мактаб формасини сотиб олишини айтмоқда.

Айни пайтда¸ Наманган таълим бошқармаси болаларнинг мардикорчилик қилаётганини рад этишга уринди.

28 июлда бўлиб ўтган ҳукумат селектр мажлисида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев мактаб ўқувчилари меҳнатидан фойдаланганлар жазоланишини маълум қилганди.

Ўқувчи мардикорлар

Озодлик мобил мухбирининг айтишича, у шаҳардаги Чорсу бозори ичи ва атрофида 8 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўнлаб боланинг арава тортаётгани ёки машина юваётганини аниқлади.

Болаларнинг баъзилари Озодлик мобил мухбири билан суҳбатда, мактаб формасини сотиб олишда ота-оналарига ёрдам бериш учун мардикорчилик қилишга мажбур бўлишаётганини айтган.

Мактаб формаси учун мардикорчилик қиляпман
10 яшар Абдулазиз

2012 йилда Наманган халқ таълим бошқармаси, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, шаҳардаги мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар учун махсус формалар жорий этган эди.

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ўқувчиларнинг мактаб формасини сотиб олиш мақсадида мардикорчилик қилаётганини инкор этди.

Мажбурий форма

Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолар экан Наманган шаҳридаги мактаблар маъмуриятлари ота-оналардан фарзандларига мактаб формаси сотиб олишни талаб қилмоқда.

Мактаб формасини сотиб олиш мажбурий, - деди шаҳарнинг Чорсу даҳасида истиқомат қилувчи аёл. – Форма пули 110 минг сўмдан 150 минг сўмгача.”

Икки фарзанди ўрта мактабга бораётган бу аёлнинг илова қилишича, мактаб маъмурияти талаб қилинган маблағни топширмаган ўқувчилар мактабга қўйилмаслиги ҳақида ота-оналарни огоҳлантирган.

Наманган шаҳридаги ўрта мактаб ўқитувчиларидан бири, Ўзбекистон халқ таълими вазирлигининг махсус буйруғига асосан, ҳар бир мактаб алоҳида мактаб формасига эга эканини айтди.

Исми ошкор этилишини истамаган бу ўқитувчи сўзларига кўра, "​кам таъминланган оилаларга мактаб формалари арзон нархда сотилиши йўлга қўйилган".

Мактаб ёшидаги болалар бозорларда ишлашаётгани йўқ.
Воҳиджон Ражабов - Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи

Мактаб либоси ҳақидаги тартибга кўра, ўқитувчиларга хоҳлаган рангни танлаш имкони берилган.

Лекин битта мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари фақат бир хилда рангда кийиниши шарт ҳисобланмоқда.

Иқрор ва инкор

Озодлик билан суҳбатлашган ота-оналарга кўра, фарзандларига мактаб формаси сотиб олишга қийналаётган камдаромад оилалар фарзандларини мавсумий ишларга юборишга мажбур бўлаётир.

Наманган шаҳридаги 15-ўрта мактаб ўқитувчиларидан бири ёз мавсумида болаларни ишлатмаслик тўғрисида ота-оналардан тилхат ёзиб олинганини айтди.

Аммо Озодлик ўз текшируви давомида ўнлаб болаларнинг машина юваётгани, балон бўяётгани ёки арава тортаётганини аниқлади.

Арава тортаётган ёки машина балонларини бўяётган болалар

Болаларнинг айримлари мактаб формасини сотиб олиш учун мардикорчилик қилишга мажбур бўлганликларини айтди.

Бироқ Наманган вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Воҳиджон Ражабов Озодлик билан суҳбатда Чорсу бозори ичи ва атрофида балоғатга етмаган болаларнинг меҳнат қилаётганини инкор этди.

"Халқаро Меҳнат Ташкилоти қўйган нормаларга мувофиқ иш тутаяпмиз. Мактаб ёшидаги болалар бозорларда ишлашаётгани йўқ. Мухбирингиз бўлса, бориб ўз кўзи билан кўриши мумкин," деди Воҳиджон Ражабов.

10 яшар Абдулазиз

10 яшар Абдулазиз машина ювади

10 ёшлик Абдулазиз ҳар куни эрталабдан Чорсу бозоридан бир километр узоқликдаги "Ғишткўприк"ка ошиқади.

У ёз бўйи йўловчилар машинасини ювиш билан банд бўлди.

"Уйимизда шароитимиз оғир бўлгани учун ота-онамга ёрдам бераяпман," дейди Абдулазиз.

Абдулазиз келажакда спортчи бўлмоқчи

Абдулазиз дарсга қатнаш учун мактаб формаси сотиб олиши кераклигини айтади.

"Мактаб формаси учун мардикорчилик қиляпман", дейди Абдулазиз.

У келажакда профессионал спортчи бўлишни орзу қилади.

Компютерчи бўлишни орзу қилган Ҳасанбой

Ҳасанбой машина балонларини бўяб пул топади

Ҳасанбой яқинда 14 ёшга тўлди. Унинг отаси йўқ.

У ҳам Абдулазиз сингари пул топиш учун "Ғишткўприк"ка қатнайди.

Ҳасанбой машиналар балонини қорайтириб пул топиши ва онасига рўзғор тебратишда ёрдам беришини айтади.

Ҳасанбой ёлғиз онасига оила тебратишда ёрдам беради

"Кунига 15 минг сўмгача топаман, келажакда компютер соҳасида ўқиш ниятим бор," дейди Ҳасанбой.

Озодлик мобил мухбирига кўра, "Ғишткўприк"да ишлаётган болаларнинг ёши 15дан ошмайди.

Мобил мухбирига кўра, у билан гаплашган болаларнинг баъзилари "келажакда ким бўлмоқчисан?" деган саволга жавоб беришга қийналишди.

Арава тортган болалар

Озодлик мухбири Наманган шаҳридаги Чорсу бозорида арава тортаётган "ўнлаб мактаб болалари"ни суратга олганини айтди.

Бу болакай энди саккизга тўлди

Мобил мухбир бозорда арава тортган болаларнинг энг кичиги 8 ёшда эканини аниқлаган.

Наманган бозорида арава судраётган мактаб ўқувчиси

Аравакаш болалар Озодлик мобил мухбирига маълум қилишича, Чорсу бозори маъмурияти ҳар бир арава учун кунига 5 минг сўмдан 7 минг сўмгача ижара пули олмоқда. ​