Ўзбекистонда вояга етмаган болалар ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш 11 август куни Тошкент шаҳар судида бошланди, дея маълум қилди Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.
Мулозим қайдича, мазкур иш юзасидан жами 21 киши айбланаётган бўлиб, улардан 16 нафари эркак, 5 нафари эса аёл кишилардир. Судланаётганлар орасида “Quramax Medikal” МЧЖ директори бўлган 51 ёшли ҳиндистонлик С. Р. П., Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори С. К., “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда ишлаган бошқа масъул ходимлар бор.
Улар Ўзбекистон Жиноят кодексидаги 12 та модда талабларини бузганликда айбланмоқда.
“Тасдиқланган айблов хулосасига кўра, содир этилган жиноятлар оқибатида 65 нафар ёш бола вафот этган”, дейилган Олий суд матбуот котиби хабарномасида.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан камида 19 нафар бола вафот этгани, ҳолат бўйича ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Тергов доирасида февраль ойида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг қатор масъул лавозимдаги ходимлари, жумладан, агентлик раҳбари Сардор Кариев қўлга олинган. Сўнгра мазкур дорини Ҳиндистондан олиб келган “Quramax Medikal” ширкатига берилган лицензия бекор қилинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) шу йил январь ойида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларини ичмаслик борасида тавсия эълон қилган.
“Ўлим сиропи” деб аталган препаратлар таркибида заҳарли моддалар борлиги тасдиқланиши ортидан Ҳиндистон ССВ Marion Biotech корхоналарида дори ишлаб чиқаришни тақиқлаган, Уттар-Прадеш штати маъмурияти эса ширкатга берилган лицензиянинг амал қилишини вақтинча тўхтатган.
Кейинроқ ўтказилган тадқиқотларда Marion Biotech ширкати ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фармацевтикада ишлатиш мумкин бўлмаган моддалардан фойдалангани аниқланган эди.