Болалар омбудсмани Навоийда ўқувчиларнинг сочи олиниши билан боғлиқ ҳолатни танқид қилди

Иллюстратив сурат

Навоий шаҳридаги 2-мактабда ўқийдиган ўғил болаларнинг ёппасига сочи олиниши билан ҳолат умумий ўрта таълим муассасаларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига зид. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълум қилди.

Болалар омбудсмани қайдича, бу боланинг Ўзбекистон Конституциясида кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳамда унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига таҳдид солади.

“Мазкур ҳаракатга йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чора кўрилиши зарур", дейилган омбудсман хабарномасида айни пайтда бу каби номақбул ҳолатлар бошқа таълим муассасаларида ҳам юзага келмаслиги бўйича чоралар кўрилаётгани қўшимча қилинган.

Навоийдаги 2-умумтаълим мактабига 23 февраль куни директор Нурқобил Юсупов ташаббуси билан сартарош чақирилгани ҳамда турли синфлардан ўғил бола ўқувчилар спорт залга йиғилиб, сочи олингани ҳақида аввалроқ Kun.uz нашри хабар қилган эди.

Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова нашр билан суҳбатда 2-мактабдаги ҳолатни умуман оқлаб бўлмаслигини айтган.

“Ушбу мактаб фаолиятини тўлиқ ўрганамиз. Бу ҳолат умуман мумкин эмас. Бундай директор ишда қолиши ҳам мумкин эмас аслида. Мактабда ўқувчининг сочига тегишга умуман ҳаққи йўқ. Педагогнинг этика қоидасига тўғри келмайди бу”, деган мулозима.

Навоий вилояти Миллий гвардия бошқармаси матбуот котиби Рамазон Кубаев ҳам МГ ходимлари мактаб директорининг бу ташаббусига қарши бўлишганини қайд этган.

“Бириктирилган ходимларимиз давомат назорати учун мактабга борганида ушбу ҳолатнинг устидан чиқишган. Бу, албатта, мумкин эмас. Шу сабабли мактаб директорига жараённи тўхтатишни ҳамда ўқувчиларни дарсга қайтаришни айтишган”, деган Рамазон Кубаев.