Болалар омбудсмани: Қашқадарёда вояга етмаган самарқандлик қиз фоҳишаликка мажбурланган

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоятида 16 яшар қизни фоҳишаликка мажбурлаганликда гумонланган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Болалар омбудсмани котибиятига Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида яшаб келган 2008 йилда туғилган А. Д. дан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда у яқинларининг тазйиқи туфайли уйидан чиқиб кетгани, шундан сўнг бир таниши қизни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги қандайдир хонадонга олиб боргани, мазкур хонадон эгаси бўлган аёл эса уни фоҳишаликка мажбур қилгани баён этилган. Вояга етмаган қиз маълум бир вақтдан кейин у ердан қочишга муваффақ бўлган ва кўмак сўраган.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борган.

Текширув натижасида 5 март куни Г. Н. га (аёл) нисбатан Жиноят кодекси 131-моддаси 4-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов олиб борилмоқда”, дейилган Болалар омбудсмани хабарномасида.