Болалар омбудсмани: Ўттиздан зиёд қаровсиз бола Россиядан Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 25 август куни Россияда қаровсиз қолдирилган 9 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати қайдича, аввалроқ қаровсиз қолган 22 нафар ўзбекистонлик бола Ички ишлар вазирлиги вакиллари томонидан ватанига қайтарилган – улардан 13 нафари Санкт-Петербург шаҳридан, 9 нафари Москва шаҳридан, 8 нафари Новосибирск шаҳридан, 1 нафари эса Қозон шаҳридан олиб келинган.

Хабарномада Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ўзининг россиялик ҳамкасби Мария Львова-Беловага йўллаган сўровида қаровсиз қолдирилган вояга етмаган болаларни ҳозирда Ўзбекистон Республикасига қайтариш чоралари кўрилаётганлиги, Ўзбекистон масъул идоралари (ИИВ, ТИВ) томонидан болаларни ватанга қайтарилгунларига қадар уларни ҳозирда Россия Федерациясида яшаб турган ҳудудларидаги болалар муассасаларида вақтинча жойлаштирилишида тезкор амалий ёрдам сўрагани қайд этилган.

Ўзбекистон Болалар омбудсмани сўровига кўра, РФ Болалар омбудманининг тезкор чоралари натижасида мазкур масалада зарур кўмак кўрсатилди ва улар жойлашган ҳудудларда болалар учун қулай ва муносиб шарт-шароит таъминланди”, дея қўшимча қилинган хабарномада.

Аввалроқ Озодлик Россияда ота-она қарамоғисиз қолган саккиз нафар бола Новосибирскдан Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар қилган. Бу болаларни ватанига қайтариб келган ўзбекистонлик расмийлар уларнинг нима сабабдан ота-она қарамоғисиз қолганига аниқлик киритган эмаслар.