Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова таълим муассасаларида болаларга қўпол муомала қилинишига мутлақо муросасиз бўлиниши лозим, деган фикрда. Мулозимага кўра, тарбиячи ва педагоглар ўзининг бирламчи вазифаси, яъни болага таълим ва тарбия беришга зид равишда боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига зарар етказиши - йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир.
"Айнан шунинг учун ҳам мактабгача таълим ва мактаб муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомалага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт", деб ёзган С. Раҳмонова.
Болалар омбудсманига кўра, бунда жавобгарлик чоралари боланинг ота-онаси эътироз билдириши ёки билдирмаслигидан қатъий назар қўлланилиши зарур. "Зеро, болаларга нисбатан содир этилган ҳар қандай зўравонлик ҳолатининг жавобсиз қолиши нафақат бундай номаъқул амалиётни давом этишига, балки фарзандларимиз кўзида катталарга бўлган ишончни йўқолишига олиб келади", дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ Podrobno.uz нашри пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган 255-сонли боғчада ишловчи тарбиячи бир тарбияланувчига шикаст етказгани, боланинг онаси боғча мудираси бу ишни амалга оширган ходимага нисбатан ҳеч қанақа чора кўрмаганидан шикоят қилгани ҳақида ёзиб чиққан эди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолат Ички ишлар органлари билан биргаликда ўрганилаётгани, бу борада қўшимча маълумот берилишини билдирган.