Ўзбекистон Олий Мажлиси Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова истеъфога чиқмоқчи эканини маълум қилди. Бу ҳақда мулозима Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифаси орқали билдирган.
“Юзага келган вазият туфайли Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимидаги ўз фаолиятимни тўхтатаётганимни маълум қиламан”, деб ёзган Юнусова фаолияти давомида ўзи билан ҳамкорлик қилган дастаклаган барчага, хусусан президент Шавкат Мирзиёев ҳамда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммадзаде ва унинг командасига миннатдорлик билдирган.
У Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига 2020 йил февраль ойида тасдиқланган эди. 2005 йилдан бери Олий мажлис депутати сифатида фаолият кўрсатиб келган Алия Юнусова, расмий маълумотларга кўра, депутатликка қадар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлим мудири, ундан олдин эса¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада I даражали мутахассис, бош мутахассис бўлиб ишлаган.
Ўзбекистонда матбуотга очиқ кам сонли мулозималардан бири бўлган Юнусова фаолияти давомида педофилия дохил болалар ҳуқуқларига доир муаммоларни ҳал қилишга астойдил ҳаракат қилганини кўпчилик эътироф этади.
“Шахсан мен учун Алия Юнусова ҳурматга лойиқ, билимли ва тажрибали инсон. Унинг ўз ихтиёри билан ишдан кетишга мажбур бўлгани бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида жиддий муаммолар сақланиб қолаётганлигидан далолат беради”, дея қайд этган хусусан қуйи палатанинг собиқ депутати Расул Кушербаев Юнусова истеъфоси муносабати билан ўз телеграм-каналида эълон қилган постида.