Ўзбекистонда фарзандларни оиланинг камбағаллиги туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига жойлаштириш амалиёти бекор қилинмоқда. Бу ҳақда 5 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тақдимотида маълум қилинган.
Президент матбуот хизматига кўра, Болалар уйларида “Оналар маскани” ташкил этилиб, унда боласидан воз кечмоқчи бўлган оналар жойлаштирилади. Уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади ҳамда касб эгаллашига кўмаклашилади.
Шунингдек, эндиликда камбағал оила вакиллари ишга жойлашган тақдирда, боласи уч ёшга тўлгунча боғча харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан компенсация берилади.
Ўзбекистон президенти 23 сентябрь куни имзолаган фармон асосида қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида ҳам ижтимоий етимликнинг олдини олишга доир вазифалар белгиланган. Унга мувофиқ, мамлакатда болани тарбияга беришда оила муҳитини сақлаб қолишга устуворлик берилади. Бунда аввало васийлик, ҳомийлик ёки фарзандликка бериш қўллаб-қувватланади. Ихтисослаштирилган муассасага энг сўнгги чора сифатида жойлаштирилади.
Маълумот ўрнида: 2021 йилда мамлакатдаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари Миллий гвардияга бириктирилганди.