Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси қизини 28 январь куни ҳайвонот боғида айиқ қафасига ташлаб юборган аёл тўғрисида маълумот берди.
Расмий муносабатда айтилишича, 1991 йилда туғилган, Тошкент шаҳар Сергели тумани “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғини Обод кўчасида яшовчи З.Т., 2018 йилда туғилган қизи З.А.,ни айиқ қафасига ташлаб юборишига руҳий тушкунлик сабаб бўлган.
“Фуқаро З.Т. билан суҳбат давомида пойтахтимиздаги олий ўқув юртларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаши, турмуш ўртоғи, 1990 йилда туғилган, айни вақтда Россия давлатига кетган фуқаро Н.К., билан ҳозирда бирга яшамаётганлиги сабабли руҳий тушкунликка тушиб қолганлиги маълум бўлди”,-дейилади хабарда.
Билдирилишича, З.Т., эри билан ажралиш арафасида бўлган. Икки фарзанди бўлган бу оилани сақлаб қолиш ва яраштириш учун маҳалла фаоллари “чоралар кўрган”.
Фуқаро З.Т. 2021 йилда “Аёллар дафтари”га киритилган ва унга уй-жой ва ажрим масаласида зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Шунингдек, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан унинг оиласига икки бор озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.
28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида аёл одамлар кўз ўнгида қизчасини айиқ қафасига ташлаб юборгани тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар берганди.
"Зузу" лақабли Кавказ қўнғир айиғи қизалоққа тегмагани, у фақат 5 метр баландликдан тушиш натижасида жароҳат олгани айтилади.
Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилгани"ни маълум қилди.