Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 16 декабрь куни тарқатган маълумотга кўра, эндиликда муайян яшаш жойи йўқ шахслар реабилитация марказига фақат суд орқали жойлаштирилади.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тартиби белгиланди. Бунинг учун асослар етарли деб топилса, ИИО ходимлари жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига илтимоснома юборади”, дейилган хабарномада.
Нормага мувофиқ, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни бир сутка давомида ёпиқ мажлисда кўриб чиқади.
Ҳолбуки, шу пайтга қадар бундай шахсларни реабилитация марказларига жойлаштириш ИИО идораларининг ташаббуси билан ҳам амалга ошириларди. Қонунчиликка зид бўлган бу амалиёт жамоатчилик танқидига учраб келган.
Вазирликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бу борада иш юритиш тартибига оид нормалар киритилган.
“Агар фуқарони реабилитация марказига жойлаштириш бўйича асослар аниқланса, ички ишлар органи бундай шахсни ички ишлар органига келгандан бошлаб 48 соатда марказга 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материал тайёрлайди”, дея изоҳ берган Адлия вазирлиги.
Президент Ислом Каримов бошқаруви даврида ижтимоий фаол шахслар ва фуқаролик жамият вакиллари айнан мазкур норматив асосида маъмурий қамоқда ушлаб турилган.
Мазкур муассасаларнинг энг машҳур Тошкент шаҳрининг Панельний даҳасида жойлашган бўлиб, у расман Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги реаблитация маркази, деб юритилади.