Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Украина ўзини мудофаа қилиши учун зудлик билан етказилиши лозим бўлган ҳарбий ёрдамга кейинги йилда эмас, “ҳозирги кунда” муҳтож эканини билдирди.
Брюсселда журналистлар учун уюштирилган галдаги брифингда сўзлар экан, Боррель учрашув аввалида сўнгги икки сутка давомида Ғазо сектори ва Украинада “даҳшатли” воқеалар содир бўлганини урғулади.
Боррельга кўра, Украина ташқи ишлар вазири Кулеба яна Россия ҳаво ҳужумлари ва ракета зарбаларининг олдини олиш учун Киевга “Пэтриот” мажмуаларини етказиб бериш зарурлиги ҳақида гапирган.
Боррель Европадаги сиёсий доираларда Россия қўшинларига қарши ғарб қурол-аслаҳасидан кенгроқ фойдаланиш учун Киевга ҳуқуқ бериш ва чекловларни олиб ташлаш мавзуси тобора фаолроқ муҳокама қилинаётганини таъкидлаган.
Яқинда Швейцарияда бўлиб ўтиши кутилаётган Украина бўйича халқаро конференция масаласида эса Европа дипломатияси раҳбари Россия бир томондан тинчлик музокараларини бошлашни таклиф қилиб, бошқа томондан Харьковга зарбалар бераётганини қайд этган. Боррель Украина бўйича Швейцарияда бўлиб ўтажак саммитни қатъиян дастаклашини билдирган.