Ўш шаҳрига Ўзбекистоннинг биринчи бош консули тайинланди

54 ёшдаги Зафар Аҳмедов лавозимга тайинлангунига қадар Консуллик-ҳуқуқий департаменти бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган. "Дунё" АА фотосурати.

Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги консуллигига Зафар Аҳмедов бош консул сифатида тайинланди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли“Дунё” ахборот агентлигининг билдиришча, у 20 ноябрь куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига етиб борди.

54 ёшдаги Зафар Аҳмедов лавозимга тайинлангунига қадар Консуллик-ҳуқуқий департаменти бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган. Хоразм педагогика институтини (1992 йилдан бошлаб Урганч давлат университети) тамомлаган.

Ўтган йиллар давомида Аҳмедов мактабда ўқитувчи, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида, Покистондаги элчихонада турли лавозимларда, шунингдек, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги бош консуллиги 2022 йилда очилган эди. Консуллик Қирғизистоннинг Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятларига хизмат кўрсатади.