Бош прокуратура масъули 29 минг доллар пора билан қўлга олинди

Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган А.Т. аввалги иш жойида Олмалиқдаги ётоқхона реконструкцияси бўйича ўтказилган тендерни ютиб олган қурилиш корхонаси раҳбарига тендерда ўзининг ёрдами билан ғолиб чиққанини иддао қилиб, ундан моддий рағбат талаб қилиб келган.

Мулозим шу йил 5 декабрида Тошкентдаги “Мустафо” ресторанида қурилиш корхонаси раҳбаридан 29 минг АҚШ долларини олган пайтида ДХХ ва БП ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир чоғида ушланган ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан А.Т.га нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Ҳодиса ортидан БП прокуратура органларидаги коррупцион ҳолатлар юзасидан аҳолига мурожаат билан чиққан ва тизимда “коррупцияга қарши муросасиз ва кескин кураш олиб борилаётгани”ни иддао қилган.

“Агар прокуратура органларининг бирон-бир ходими фаолиятида коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик)ни кузатсангиз, сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармасининг (71) 202-08-28 рақамли “Ишонч телефони”га маълум қилишингизни сўраймиз”, дея сўралган Бош прокуратуранинг аҳолига мурожаатида.