Бош прокуратура 29 март куни меҳрибонлик уйидаги қизларни зўрлаганларга берилган енгил жазо устидан Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест киритди. Бу ҳақда 2 апрель куни Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Аммо Олий суд 1 апрель ҳолатига кўра, протест келиб тушмагани тўғрисида маълум қилди. Бош прокуратура буни етказиб бериш, ижро этиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби туфайли протест ҳали Олий судга етиб бормагани билан изоҳлади.
Бир неча кун олдинроқ ижтимоий тармоқларда 2022 йилнинг сентябрь ойида Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйидаги уч нафар қизни зўрлаб келганликда айбланган Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов 1,5 йилга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилингани хабарлар пайдо бўлган эди. Меҳрибонлик уйи директори эса 5,5 йилга қамалган.
Айбланувчиларга бундай енгил жазо берилишидан норозилар тармоқларда бу борада қизғин баҳс олиб бораётган эди. Бош прокуратура Олий судга киритган протестда ишни қайта кўриб чиқиш ва айбланувчиларга қўлланилган юмшоқ жазони қаттиқ жазога ўзгартириш талаб қилинади.
2 апрель куни Ўзбекистон президенти Администрацияси коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева зўрланган қизларнинг хавфсизлиги таъминлангани тўғрисида маълум қилди.
Президентнинг катта қизи бу борадаги билдирувида Ўзбекистондаги “ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози” эшитилаётгани ортидан қизларнинг зўрланиши воқеаси кенг жамоатчиликка етиб борганини иддао қилди. Унга кўра, “бугун муаммоларни эркин кўтараётган овоз ҳар қачонгидан ҳам баланд янграмоқда”.