Ўзбекистон Экологик партияси Тошкентда атмосфера ҳавоси ифлосланиши юзасидан хавотир билдириб, Экология вазирлиги ҳамда Бош прокуратурадан бу борада тезкор чора кўришни сўради.
Экопартияга кўра, Тошкент шаҳри ҳавосининг куз-қиш ойларида кўпроқ ифлосланаётганига зарарли ташламалар, турғун манбалар ва транспорт воситалари кўпроқ сабаб бўлмоқда. Партия иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши сабаб углеводородлар ва кўмир ёқилғисидан фойдаланишнинг ошиши кузатилаётганини ҳам қўшимча қилган.
Тошкент шаҳри атрофида 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритяпти. Уларнинг 60 фоизи кўмирдан, баъзан эса резина шиналар ва бошқа ёнувчи воситалардан фойдаланяпти. Экопартия таъкидича, шаҳар ҳавосининг ёмонлашувига ушбу иссиқхоналарнинг таъсири кўп.
Шунингдек, ҳаво ифлосланишига кўп саноат корхоналарида ускуналарнинг эскиргани ва аксар корхоналар замонавий фильтрлар ўрнатмаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Айни пайтда ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчилари ҳаво ифлосланиши муаммосининг туб илдизи энергетика соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ эканини таъкидлаб келади.
Озодлик учинчи ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошгани, ифлосланишнинг асосий сабаби бўлмиш PM2,5 заррачаси ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробардан ортиб кетгани ҳақида хабар берганди.
Жаҳон банки ҳисоботига қараганда, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади.