Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевни коррупция ва “криминал гуруҳлар”ни қўллаб-қувватлашда айблаб чиқди.
Фозиловнинг иддао қилишича, мамлакатнинг қонунчилик устидан олий назоратни амалга ошириш учун масъул идораси раҳбари прокуратура тизимидаги лавозимларни “савдо растасига қўйган каби” сотган.
Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар ҳамда маҳаллий интернет нашрларида кетма-кет эълон қилинган видеочиқишларида янграган иддаолар Ўзбекистонда мисли кўрилмаган воқеа - биринчи марта прокурор ваколатига эга расмий шахс амалдаги Бош прокурорни оғир жиноятлар содир этганликда айбламоқда.
Кейинги кунлар ичида Ўзбекистон жамоатчилиги орасида шов-шувга сабаб бўлаëтган Жасур Фозиловнинг бу чиқишлари Шавкат Мирзиëев ҳукумати ичидаги инқироз ифодасими?
Шаҳар прокурори томонидан ўз олий раҳбарига қўйилаëтган жиноят иддаоларини текширишга Ўзбекистон қонунчилигига кўра¸ қайси тизим ва амалдорлар ваколатли?
Ўзбекистон яқин тарихида кўрилмаган бундай мислсиз ҳаракати учун Жасур Фозилов жасоратни кимдан ëки қаердан олди?
Бухоро шаҳар прокурори телефон қўнғироқларига жавоб бермагани боис Озодлик бу саволларни бевосита Фозиловнинг ўзига бериш имконига ҳозирча эга бўлмади.
Айни пайтда¸ Озодлик гаплашган Ўзбекистон прокуратураси¸ адлия ва ҳокимият тизимининг можарони яқиндан кузатаëтган айрим мутахассислари жамоатчиликни қизиқтираëтган бу саволларга оид ўз кузатишларини билдирди.
Тармоқда портлаган ички зиддият
11 декабрь куни Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ижтимоий тармоқлар орқали президент Мирзиëев ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга мурожаат қилди.
Ўтган ҳафта давомида ўзбекистонликлар орасида қизғин баҳсга сабаб бўлган бу чиқишида шаҳар прокурори Бухородаги “криминал гуруҳ”лар фаолиятини тергов қилгани боис¸ шахсан Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев босимига учраганини иддао қилди.
Фозиловнинг айтишича¸ унинг устидан Бош прокуратуранинг ички хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси хизмат текшируви бошлаган ва мақсад уни "йўқ қилиш"га қаратилган.
“Криминал авторитетни поддерживать қилиб¸ ўзининг ходимини жиноятчига айлантирадиган Бош прокурор бугунни ўзида четлаштирилиши керак бу текширишдан. Ўзи кадри билан инспекциясини олганига уларнинг жиноятлари бошида шу турипти. Ман қайси кадрдан қанча олганигача биламан”¸- дея иддао қилди ўз видеомурожаатида Жасур Фозилов.
Фозиловнинг биринчи видеомурожаати билан бир кунда эълон қилинган расмий баëнотида Бош прокуратура бухоролик тадбиркорнинг “шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаëтгани боис у 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилингани”ни билдирди.
Ички низомда йўқ ҳаракат
Бухоро вилояти прокуратурасининг Озодлик гаплашган собиқ терговчиси, Жасур Фозилов “ўзининг қамалиши аниқ бўлгани учун” ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат билан чиқишга қарор қилганини айтади.
“Фозиловнинг ўзи прокурор¸ терговчи. Прокуратура¸ ДХХ¸ ИИВ дагилар оддий одамлар эмас¸ тепадагиларга ëқмай қолган¸ керак бўлмай қолган ўз кадрларига нисбатан ҳам исталган куни дело очиб¸ қаматиб юбориш мумкинлигини жуда яхши билади. Бош прокурор “йўқ қилинглар” деган бўлса¸ эртага қамаб юборишларини билгани учун шундай чиқиш қилди. Бу унинг ўзини ҳимоя қилиш учун энг сўнгги чораси¸ деб ўйлайман”.
Бухоро прокуратурасининг собиқ терговчисининг айтишича¸ ички низомга мувофиқ, прокуратура ходими ўз раҳбарларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан ички хавфсизлик инспекциясига ëзма мурожаат қилиши керак. Фозиловнинг очиқ мурожаат қилишга қарор қилгани унинг "ўзи хизмат қилган тизимга ишончи қолмагани" ни англатади.
“Низомга амал қилиб¸ ўзидан тепадагиларни коррупция¸ порахўрлик ëки манфаатлар тўқнашувида айблаб, инспекцияга мурожаат қилган ходимнинг ўзи учиб кетади бу тизимда. Шахсан мен шундай мурожаат қилганман. Аммо мен фаолияти текширилишини сўраган одамлар қолиб¸ менинг ўзимни “туҳмат”да айблаб¸ қамоққа олишди. Системани ичидан билган одам сифатида Фозилов¸ ички низомга амал қилишдан фойда йўқлигини яхши тушунади. Шунинг учун чиқмаган жондан умид, тариқасида президент ва администрация раҳбарига мурожаат қилди¸ деб ўйлайман”¸ - дейди шахси очиқланишини истамаган прокуратуранинг собиқ ходими.
Коррупция ва ҳуқуқий бошбошдоқлик
Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комилов Жасур Фозилов чиқишини “давлат амалдорларининг жорий сиëсатдан норозилиги ифодаси” дея талқин қилади.
-Оддий халқнинг мамлакатдаги аҳволдан норозилиги сир бўлмай қолди. Мамлакатни ë ҳуқуқий саводи умуман йўқ ëки чаласаводлар бошқараяпти. Пачкалаб чиқарилаëтган қарорларнинг кўпи конституция¸ ëки мавжуд қонунлар¸ ëки президентнинг ўзи чиқариб қўйган олдинга қарорларга зид. Уларни ижро қилиш хаос ҳолда. Хоҳлаган ҳоким¸ хоҳлаган судья хоҳлаган қарорини рўкач қилиб¸ ўзига керак қарорни чиқариб ëтибди. Оддий халқ¸ тадбиркор додини кимга айтишни билмай қолди. Фозиловнинг чиқиши бунақа вазиятдан давлатнинг ваколатли амалдорлари ҳам тўйганини кўрсатади. Ҳуқуқий нигилизм ҳукмрон вазиятда улар ҳам ўзларининг ҳуқуқсизлигини тушуняпти. Фозилов шуни очиқ айтган биринчи амалдор бўлди¸- дейди Комилов.
Салбий қаҳрамондан ижобий қаҳрамонга?
Прокуратура тизимида амалдорлик қилган Фозиловнинг чиқиши ижтимоий тармоқларда “Ўзи тозами?” қабилидаги шубҳа ва эътирозларни ҳам уйғотган. Руҳиддин Комиловнинг фикрича, Фозиловнинг қадами “актëрларнинг ҳаммаси салбий қаҳрамон бўлган саҳнада” нисбатан ижобий қаҳрамонлар чиқиб келишига эшик очиши мумкин.
- Ҳозирга қадар тузумга хизмат қилган амалдорлар қамоққа кетса кетардики¸ ўзидан каттароқ жиноятчи ëки ўғрига қарши очиқ гапиришга ботина олмас эди. Жасур Фозилов биринчи шундай амалдор бўлди. Бу сиëсатдан норози бошқа амалдорлар¸ хусусан¸ тоза кадрларнинг ҳам ўз норозилигини очиқ билдиришига туртки бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозир жамоатчилик унинг тарафида туриб¸ мамлакат олий раҳбарларидан бири бўлган Бош прокурор фаолиятига нисбатан билдирилган иддаоларнинг жиддий текширилишини талаб қилиши лозим.
Махсус комиссия
11 декабрь куни эълон қилинган видеомурожаатида Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов президент Шавкат Мирзиёев ҳамда унинг администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновдан ўз иддаолари юзасидан мустақил текширув ўтказишни сўради.
Бу мурожаатдан уч кун ўтиб¸ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Жасур Фозилов ўз видеомурожаатида тилга олган “қонунбузарлик ҳолатлари”ни “ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида” Республика идоралараро комиссияси тузилгани ҳақида расмий хабар тарқатди.
Бу комиссияга “Президент Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилди”.
Халқ қабулхонаси Бош прокурор фаолиятини текширишга ваколатлими?
Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов бу саволнинг жавобини Ўзбекистон Конституцияси ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонундан излаш кераклигини айтади.
-Конституция ва қонунга кўра¸ Бош прокурорни президент тайинлайди ва уни лавозимидан озод қилади. Сенат президент қарорини тасдиқлайди. Бош прокурор давлат тепасида турган саноқли олий амалдорлардан бири ва унинг фаолиятини текширишга фақат уни бу лавозимга тайинлаган ëки тасдиқлаганлар ваколатлидир¸ - дейди Комилов.
Унинг фикрича, шу боис ҳам Жасур Фозилов видеомурожаатидаги иддаоларни ўрганиш учун тузилган махсус комиссия Бош прокурорга билдирилган айбловларни текширишга ваколатли эмас.
-Халқ қабулхонаси тузган комиссия¸ унинг структурасидан¸ Жасур Фозиловнинг ўзини текширадиганга ўхшаяпти. Ердаги одамнинг осмондагига қўли етмагандек¸ бу комиссияга кирганларнинг Бош прокурорни текширишга ваколати йўқ. Бундай комиссия тузиш ҳақида шахсан Бош прокурорни тайинлаган Шавкат Мирзиëев буйруқ бериши¸ комиссияга эса¸ бу тайинловни тасдиқлаган Сенат раиси бош бўлиши керак. Фақат шундай комиссиянинг Бош прокурор фаолиятини тафтиш қилишга ҳуқуқий асоси бўлади. Қолгани¸ жамоатчиликни чалғитиш учун қилинган майнавозчиликдан бошқа нарса эмас¸ - дейди Комилов.
Бош прокурорни коррупцияда айблаган прокурорни нима кутмоқда?
Озодлик суҳбатлашган прокуратура ва адлия тизими мутахассислари бу саволга турлича мулоҳаза билдирди.
Бухоро прокуратура тизимининг собиқ терговчиси¸ Жасур Фозиловнинг ижтимоий тармоқда овоза бўлаëтган видеочиқишларидан кейин уни қамоққа олиш Шавкат Мирзиëев ҳукуматининг “шундоқ ҳам тўкилиб бўлган обрўсини”ни янада тўкишини айтади.
“Фозиловни нафақат прокуратура тизими ходимлари¸ балки оддий халқ ҳам кўриб турган коррупция ҳақида¸ унинг тепасида шахсан Бош прокурорнинг ўзи тургани ҳақидаги гапларидан кейин уни қамашса¸ бу энг катта раҳбарнинг коррупцияга кўз юмишини тасдиқлайди. Ижтимоий тармоқ президент ва унинг коррупцияга қарши кураш кампанияси устидан узил-кесил салбий хулосасини чиқармай қолмайди. Шунинг учун¸ Фозиловни қамашга ботинишмайди¸ уни системадан четлатиш билан чекланишади¸ деб ўйлайман. Лекин ҳеч ким ва ҳеч нарсага ишонч қолмаган ҳозирги шароитда¸ бунинг терси бўлиши мумкинлигини ҳам тушунаман”¸ - дейди Фозилов ҳамкасбларидан бири.
Озодлик гаплашган Тошкент ҳукуматига яқин бошқа бир мулозим¸ Жасур Фозиловнинг видеомурожаати президент администрацияси томонидан ўз фойдасига ишлатилишини тахмин қилади.
“Янги йил олдидан аксар аҳолининг кайфияти ëмон. Газ йўқ¸ свет йўқ¸ қимматчилик¸ давлат ходимлари ҳам ойлигини вақтида ололмай юрипти¸ байрам қиладиган сабаб деярли йўқ. Шундай пайтда шаҳар прокурори Бош прокурорга ташланяпти – оломонни чалғитиш учун ана томошаю¸ мана томоша! Фозиловнинг чиқишини “эркинлик¸ очиқлик” сиëсати билан изоҳлашади¸ лекин томошанинг ҳовури босилгандан кейин¸ уни секин йўқ қилишади”.
Жасур Фозилов жасоратни қаердан олди?
Ўзбекистон жорий ҳокимият тизимларидаги ички вазиятдан хабардор Озодлик суҳбатдошлари Жасур Фозилов чиқишини мамлакатдаги иқтисодий кланларнинг “давлат ва халқ мулкини” ўзлаштириш жараëнидаги махфий курашининг очиққа чиқиши сифатида талқин қилди.
“Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг иқтисоднинг сердаромад соҳалари эгалари секин-асталик билан алмаша бошлади. Ички зиддият очиқ низога айланмаслиги учун Мирзиëев Каримов даври олигархларига сразу ташланмади. Лекин ер ва йирик давлат компаниялари¸ қолаверса бозорларнинг хусусийлаштирилишига старт берилганидан кейин¸ Каримов мувозанатда ушлаб келган иқтисодий кланлар¸ олиб қолганини бермаслик¸ янада кўпроғини олиб қолиш ҳаракатига тушди. Фозилов Ўктам Барноев бош бўлган кланнинг аъзоси. Барноев Мирзиëев ўзи етиштирган садоқатли кадр эди. Тириклигида Мирзиëевга тўғридан тўғри доступи бўлгани учун Барноевнинг территориясига ҳеч ким¸ ҳатто Бош прокурор ҳам қўл сола олмади. Лекин ўлганидан сўнг¸ Барноев бошқарган клан мулки перераздел қилина бошланди. Фозилов ва Ниғматилла Йўлдошев ўртасидаги зиддият¸ аслида улар мансуб кланларнинг катта курашининг очиққа кўчгани¸ Мирзиëевнинг бу курашни Каримов каби кўрпа тагида ушлаб туришга кучи етмаëтгани ифодасидир ”¸ дейди Тошкент ҳукуматига яқин Озодлик суҳбатдоши.
Жасур прокурор жимликка кетди
Озодлик 15¸ 16 декабрь кунлари Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ўзи билан бевосита гаплашиб¸ видеомурожаатдан туғилган саволларга жавоб олишга уринди.
Фозиловники экани айтилган мобил телефонларга икки кун давомида боғланишнинг имкони бўлмади.
Озодлик сўрови билан Жасур Фозилов билан боғланишга уринган бухоролик блогер 16 декабрь куни махсус комиссия тузилиши ортидан унга “жим ўтириш буюрилгани”ни билдирди.
“Ҳеч кимга интервью бермаяпти экан. Иккита таниш журналист ҳам гаплашолмай қайтиб кетди... Фозиловнинг устидан ариза ëзиб берган қурилиш компанияси раҳбарига ҳам Тошкентдан интервью беришга отбой беришибди. Комиссия тузилгач¸ иккала томон ҳам жимиб қолди"¸ - деди бухоролик блогер.
Мирзиëев vs Бош прокурорлар
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатнинг уч Бош прокурори коррупцияда айбланиб¸ жиноий жавобгарликка тортилди.
Ислом Каримов даврида Бош прокуратурани 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров 2019 йилнинг 26 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 10 йилга озодлик маҳрум этилди.
Мавзуга алоқадор Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров 10 йилга қамалди; Мирағлам Мирзаев ва хотини суд залидан озод этилди2019 йилнинг 27 сентябрида Ўзбекистон Ҳарбий суди жиноий уюшма тузганликда айбдор топилган Ихтиёр Абдуллаевни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди. Ихтиëр Абдуллаев 2015 йил апрелидан 2018 йил 31 январига қадар республика Бош прокурори лавозимида ишлаган.
Мавзуга алоқадор Шавкат Мирзиёев: Собиқ раҳбарларнинг ҳаммаси, у Абдуллаев бўладими, бошқасими, катта муддат билан кетади!2020 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Ҳарбий суди Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган яна бир собиқ Бош прокурор Отабек Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
45 яшар Отабек Муродов Ўзбекистон тарихидаги энг ëш Бош прокурор саналади. 2018 йил 31 январь куни Бош прокурор Ихтиëр Абдуллаев ДХХ раиси этиб тайинланиши ортидан Муродов Бош прокурор этиб тайинланган эди.
Мавзуга алоқадор Собиқ Бош прокурор Отабек Муродов ва ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев устидан ҳукм ўқилдиИкки йилдан камроқ муддат ичида Отабек Муродов Ўзбекистон прокуратура тизимини жамоатчилик ва матбуот учун очган либерал раҳбар сифатида эътибор қозонди.