Ўзбекистон 5 минг гектарга яқин Андижон (Кампиробод) сув омбори учун Қирғизистонга минг гектар ер бермоқда, қолган 4 минг гектар ер майдони собиқ СССР даврида Қирғизистонга Ўзбекистон томонидан компенсация сифатида берилган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар саволларига жавоб бериш асносида маълум қилди.
Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси матбуот хизмати қайдича, душанба куни ҳукумат раҳбари “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари юзасидан ахборот берган.
У Қирғизистон билан келишилмай қолган 35 участка – жами 302 км чегаралар бўйича якуний келишувга эришилгани, битим устида 5 йилдан ошиқ вақт давомида ишланиб, якуний тўхтамга келинганини қайд этган.
Ўз сўзида Арипов Ўзбекистон сув омбори ўрнига Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Ошахўр участкасидан 1 минг 19 гектар яйлов ер майдони беришни таклиф этаётганини айтган.
Унинг айтишича, сув омбор ва тўғонга хизмат кўрсатиш учун 19 гектар майдон Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтказилмоқда, бу орада сув омборидан қирғизистонликлар ҳам айрим мақсадларда фойдаланишига рухсат берилиши кўзда тутилган.
“Андижон сув омбори қурилган СССР даврида Ўзбекистон чап қирғоқдан 200 километрдан узунроқ канал қуриш мажбуриятини олган эди. Лекин у қурилмай қолиб кетган. Шу сабабли Қирғизистон тарафи Бурганди массивида 8 минг гектардан ортиқ ерларни ўзлаштирмай қолган”, деган Арипов бу ерларни компенсация қилиш мақсадида Қирғизистонга Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларида жойлашган Ғовасой участкасидаги тоғли ҳудуддан 12 минг 700 гектар атрофида яйлов майдонини бериш таклиф этилаётганини қўшимча қилган.
Бош вазирга кўра, ҳозирда амалиётда чегара бўйича муҳокамаларда ўртача бир гектар экин ери учун 2,5 баробар кўп яйлов ери бериш қўллаб келинмоқда.
“Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида 19,5 минг гектар эмас, балки 13 минг 719 гектар яйлов ер майдонларини компенсация тариқасида Қирғизистон томонига ажратилиши назарда тутилмоқда”, дея қайд этган А. Арипов 4 минг 127 гектар ер аввал берилганини эслатар экан.
Қонун лойиҳалари қуйи палата депутатлари томонидан муҳокама қилинганидан кейин биратўла уч ўқишда қабул қилинган. Депутатлардан 117 нафари лойиҳаларни ёқлаган, 4 нафар депутат эса қарши чиққан.