Бош вазир Арипов Кобулда толиблар билан учрашувлар ўтказди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг "Толибон" вакиллари билан учрашувидан лавҳа, Кобул, 2024 йил 17 августи (бош вазир матбуот хизмати фотоси)

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 17 август куни ҳукумат делегацияси ҳамроҳлигида Афғонистонга сафар қилган.

Бош вазир матбуот хизмати томонидан тарқатилган маълумотга мувофиқ, Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрида “Толибон” ҳаракати тузган ҳукуматда бош вазир вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ханафий, бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Амир Хон Муттақий билан икки томонлама учрашувлар ўтказган.

Хабарномада мазкур учрашувларда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, мис, темир, нефть-газ конларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, ҳудудлараро муносабатларларни янада чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, ўзаро савдо айланмасини жорий йилда 1 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 3 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун ишга солинмаган ресурсларни ўзаро манфаатли асосда амалиётга изчил татбиқ этиш лозимлиги алоҳида таъкидланди”, дейилган ҳукумат хабарномасида.

Гарчи 2021 йил августида “Толибон” ҳаракати Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин Афғонистонга ўзбекистонлик бир неча вазир ва мулозим ташриф буюрган бўлса-да, ўтган уч йил ичида бу мамлакатда Ўзбекистон ҳеч қачон бош вазир даражасида тамсил этилмаган эди.

Расмий Тошкент дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб тан олинган “Толибон” ҳаракати Афғонистонда иқтидорга келиши биланоқ толиблар билан мулоқотни йўлга қўйиш лозимлигини урғулаб келади. Расмий Тошкент 2021 йил сентябридан бери толибларга бир неча марта гуманитар ёрдам йўллаган, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказган ҳамда биргаликда қатор лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда.