Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 22 февраль куни Тошкент шаҳрида Толибон шакллантирган афғон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари в.б. Мулло Aбдул Ғани Бародар билан икки томонлама музокаралар ўтказган. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Хабарномада сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани, 2024 йилда “Термиз халқаро савдо маркази” очилгани икки томонлама савдони ривожлантиришга хизмат қилаётгани урғуланган.
“Учрашувда ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди”, дейилган хабарномада.
Маълумотларга кўра, Афғонистон бош вазирининг ўринбосари в.б. Мулло Aбдул Ғани Бародар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлган 22-23 февраль кунлари вазирлар даражасида қатор мулозимлар билан учрашган, шунингдек, Тошкентдаги қатор ишлаб чиқариш объектларида бўлишган.
Ўзбек расмийлари “Толибон” ҳаракати вакиллари 2021 йил 15 августида Кобулни эгаллаб олганидан буён улар билан орани бузмасликка уриниб келишади. Расмий Тошкент толиблар ҳокимият тепасига келганидан бир ой ўтар-ўтмас Афғонистонга илк инсонпарварлик ёрдамини йўллаган.
Ўшандан буён ўтган уч ярим йил мобайнида Тошкент толибларга бир неча бор гуманитар юк жўнатгани маълум. Ана шундай инсонпарварлик ёрдамларининг охиргиси Афғонистонга ўтган йил декабрь ойи охирида юборилган эди.