Бош вазир Гарибашвили украиналик сиёсатчиларни Грузия ички ишларига аралашганликда айблади

Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили

Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили украиналик сиёсатчиларнинг мамлакат яқинда бўлиб ўтган норозилик акцияларига оид изоҳларини Грузия ишларига “тўғридан-тўғри аралашув” деб атади.

Imedi телеканалига берган интервьюсида Гарибашвили Зеленский ҳақида гапира туриб, “жанг қилаётган одам чиқиб, Грузияда бир неча минг одам ўтказаётган деструктив акцияга изоҳ берар экан, бу ўша одамнинг бу ерда нимадир бўлишига алоқадор ва манфаатдор эканининг бевосита далилидир”, дея билдирган.

Гарибашвили Украинага урушни тўхтатиш ва тинчликни тилаган. “Аввал ўзингиз ва мамлакатингиз ҳақида қайғуринг, биз эса ўз мамлакатимиз ҳақида қайғурамиз. Мен буни ҳаммага айтмоқчиман”, деган Грузия бош вазири.

Шу йилнинг 7 март куни хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниши ортидан Грузияда кўп минг кишилик норозилик акциялари бошланиб кетган. Paper Kartuli нашри ҳисоб-китобига кўра, яқиндагина Тбилисида бўлиб ўтган норозилик чиқиши чоғида камида 10 минг киши иштирок этган. Қатор гувоҳлар ва ОАВлар эса намойишларда бир неча ўн минг киши иштирок этгани ҳақида хабар қилишган.

Тбилисидаги акцияларда намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлган, Батуми ва Кутаисидаги митинглар нисбатан тинч ўтган. 9 март куни Грузия парламенти, шу жумладан мазкур қонун лойиҳаси ташаббускорлари бўлган “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳукуматпараст фракцияси иккинчи ўқишда қонун лойиҳасини чақиртириб олиб, норозилар талабларининг бир қисмини қаноатлантирган.

“Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасида, агар нотижорат ташкилотлари ва ОАВлар даромадининг 20 фоиздан кўпроғи чет элдан келаётгани аниқланса, уларга хорижий агент мақоми берилишини кўзда тутилганди. Бунақа ташкилотлар мажбурий қайддан ўтиши шарт қилиб қўйилиб, агар улар бундан бош тортсалар, жаримага тортилишлари керак эди. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, Адлия вазирлиги бундай ташкилотларга қарши текширув бошлаш ҳуқуқига эга бўлар эди.