Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 январда иқтисодий масалаларга бағишланган видеоселекторда чорак якунигача фаолиятида ўзгариш бўлмаса, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилишини билдирди.

Президентнинг айтишича, иқтисодий комплекс раҳбарияти сўнгги олти йилда четдан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция киргани ҳақида маълумот бермоқда. Лекин инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотга, қўшилган қийматга, экспортга таъсири ҳақида таҳлиллар етарли эмас.

Мирзиёевга кўра, ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсди. Бироқ, товарлар экспортида кутилганидек ўсиш бўлмаган. Ҳудудларда 8 триллион сўмлик мингта лойиҳа ишга тушмаган.

Жамшид Ходжаевни огоҳлантирган президент камчилик ва сусткашлик бўлгани учун инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Сатторовни лавозимидан озод қилди.

Бундан ташқари бош вазир Абдулла Ариповга экспорт ҳажмлари камайгани учун Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди.