Бошқирдистонда полиция билан тўқнашган норозиларга нисбатан жиноят иши очилди

Баймақдаги норозиларни тарқатиш уун полиция шовқинли гранаталарни қўллади.

Уфа суди 17 январь куни Баймақ шаҳридаги норозилик намойиши пайтида қўлга олинганлардан олти нафарига маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Денис Скворцов, Фанзил Ахметшин, Юлай Аралбаев, Радмир Муҳаметшин ва Дмитрий Петров 10 суткага, Ильнар Галин 13 суткага қамалди. Қўлга олинганлар нега Баймақда эмас, пойтахт Уфада суд қилингани тўғрисида маълумот йўқ.

"Башинформ"нинг Бошқирдистон ИИВ жамоатчилик кенгаши раиси Рафил Диваевга таяниб хабар беришича, экофаол Фаил Алсиновнинг судланишига қарши норозилик билдириб намойишга чиққанларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг “оммавий тартибсизликда иштирок этиш ва полициячиларга ҳужум қилиш” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди. Мазкур моддада 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Россия Тергов қўмитаси Баймақдаги “оммавий тартибсизликлар” пайтида бир неча полициячи жароҳатланганини маълум қилди.

Баймақ туман суди 17 январда маҳаллий экофаол, Россияда тақиқланган “Башкорт” ("Бошқурт") ташкилоти собиқ раиси Фаил Алсиновни “нафрат ва душманлик кайфиятини қўзғатиш”да айбдор деб топган ва тўрт йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Суд ҳукми эълон қилиниши ортидан Баймақда оммавий норозиликлар бошланиб кетди. “Настояшчее время” телеканалининг маълум қилишича, куч ишлатар тузилмалар ходимлари норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталарни отган.

"Верстка" нашрининг билдиришича, полиция билан тўқнашувда 15 киши яраланган. "Пруфи" нашри эса 40 киши жароҳатланганини, улардан саккиз нафарининг жароҳатлари жиддий эканини ёзди.

Алсинов судда: “Мен айбловни тан олмайман. Мен ҳар доим адолат, ўз халқим ва ўз Республикам учун курашганман”,-деб баёнот берди.

Норозилик намойиши пайтида Бошқирдистонда воқеаларни ёритаётган қатор телеграм каналлар блокланди. Намойишдан сўнг улар қайта очилди.